Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан тилла ва заргарлик буюмларининг Ўзбекистон сарҳадлари орқали ноқонуний олиб ўтилишини олдини олиш борасида доимий чора тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Божхона бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.
2004 йил 5 октябрь куни Бухарест шаҳрида имзоланган Халқаро почта жўнатмалари бўйича Конвенцияга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2011 йил 18 апрелда 2219-сон билан рўйхатга олинган «Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш» Қоидаларига асосан, қимматбаҳо металлардан ясалган заргарлик буюмларини почта жўнатмалари орқали жўнатиш тақиқланади.
Халқаро почта иттифоқи аъзоси сифатида Ўзбекистон Республикасида зикр этилган Конвенцияга мувофиқ, жўнатилаётган почта жўнатмалари бўйича CN 22 ёки CN 23 шаклидаги божхона декларацияларида юборилаётган барча товарларнинг номлари қайд қилиниши белгилаб қўйилган.
Аммо шунга қарамасдан, мазкур тартибларга риоя қилмай қимматбаҳо заргарлик буюмларини ноқонуний йўллар билан олиб ўтишга уринаётган шахслар ҳам йўқ эмас.
Яқинда Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг «Бошпочтамт» божхона пости ходимлари томонидан бир қанча шу турдаги қонунбузарлик ҳолатларининг олди олинди.
Жумладан, самарқандлик У.Г. номига Туркия давлатидан келган почта жўнатмаси амалдаги тартибларга мувофиқ кўздан кечирилганда, ушбу жўнатмадаги буюмлар орасида декларацияда кўрсатилмаган оғирлиги салкам 36 грамм турли хил тилла тақинчоқлар борлиги аниқланди. Мазкур тақинчоқларнинг умумий қиймати салкам 5,4 миллион сўмни ташкил этди.
Шунга ўхшаш ҳолатда АҚШ давлатидан фуқаролар И.С. ҳамда М.Н. номига келган почта жўнатмалари божхона кўригидан ўтказилганда, буюмлар орасида умумий нархи салкам 16 миллион сўмни ташкил этган, оғирлиги 105 граммдан ортиқ турли хил заргарлик буюмлари борлиги маълум бўлди.
Яна бир ҳолатда бухоролик К.Ш. номига БАА давлатидан юборилган почта жўнатмасидаги буюмлар орасида тегишли ҳужжатларда қайд этилмаган қиймати 6,5 миллион сўмдан ортиқ, оғирлиги салкам 44 грамм бўлган заргарлик буюмлари борлиги маълум бўлди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги томонидан 1998 йил 13 мартда 412-рақам билан рўйхатга олинган «Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жисмоний шахслар томонидан товарларни акциз солиғи солинмасдан олиб киришнинг чекланган нормалари»га кўра, жисмоний шахслар ўзлари билан оғирлиги 30 граммдан ошмаган беш донагача қимматбаҳо металлар ва тошлардан тайёрланган заргарлик буюмларини божхона декларациясида қайд этган ҳолда бемалол олиб киришлари мумкин.
Изоҳ (0)