Жанубий Корея майдонларида ташкиллаштирилаётган Осиё ўйинларининг футбол мусобақалари тобора қизғин тус олмоқда. Ўзбекистонлик футболчиларнинг ўйинларини мезбон юрт ОАВлари синчковлик билан кузатмоқда. Чунки гуруҳдан чиқибоқ Ўзбекистон ва Жанубий Корея тўқнашуви юз бериши эҳтимоли йўқ эмас, деб хабар берди Stadion.uz.
Кеча Ўзбекистон терма жамоаси илк турда Гонконг терма жамоаси билан 1:1 ҳисобида дуранг қайд этганини хабар қилган эдик. Мазкур натижа эса ҳаммадан кўра корейс жамоатчилигини ҳайратга солди. Кореядаги нуфузли «МК Спортс» интернет нашри Ўзбекистонни ушбу ўйиндаги «тахмин қилинмаган қурбон» деб атади.
«Мусобақа чемпионлиги учун асосий даъвогарлардан бўлган Ўзбекистон осонгина ғалаба қозониши кутилганди. Ўзбеклар бизнинг терма жамоамизнинг чемпионликдаги энг муҳим рақибларидан бири эди. Лекин кутилмаган дуранг! Энди Ўзбекистон гуруҳ ғолиблигига эришиш учун Бангладеш ва Афғонистон дарвозаларига Гонконгдан кўпроқ гол киритиши лозим бўлади», — деб ёзади нашр.
Интернет нашри, шунингдек, ўйиндан кейин гонконгликлар бош мураббийи, асли кореялик Ким Пан Гоннинг фикрларини ҳам келтириб ўтган. Гонконгликлар мураббийи дурангдан хурсанд эканлигини яширмаган: «Рақибнинг кучли босими остида қолган бўлсак ҳам шогирдларим руҳан устунликка эришганларидан мамнунман. Биз гуруҳдан чиқишни истаймиз ва жавоб голини киритиш учун руҳан куч топа олдик».
Ўзбекистон — Гонконг ўйин статистикасига кўра, дарвозалар сари зарбалар бўйича ҳисоб 16-4 Ўзбекистон фойдасига бўлган. Кореянинг чекка бир вилоятида туғилиб ўсган ва Кореяда унчалик таниқли бўлмаган Гонконг бош мураббийи Ким Пан Гон бугун корейс диёрида ҳақиқий маънода ўз номини танитди. Корейс нашрлари ҳатто унга «Гонконг Гус Хиддинки» деб таъриф бермоқда. Корейс мураббий гонконгликларни қайси босқичгача олиб бора олишини эса вақт кўрсатади, деб қайд этди Stadion.uz.
Изоҳ (0)