Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий сайти кўриш қобилияти чекланганлар учун ўзбек, рус ва инглиз тилларида ишга тушди. Бу ҳақда ТИВнинг ахборот хизмати хабар бермоқда.
Энди сайтдаги кўзойнак сурати туширилган белгини босиш орқали маълумотларни тескари (контраст) рангда кўриш режимига ўтказиш мумкин. Бундан ташқари, «Шрифтни катталаштириш» функцияси ҳам жорий этилган бўлиб, у орқали фойдаланувчилар ўзига қулай ўлчам ва режимни танлаши мумкин.
Бундан аввалроқ Ўзбекистон ТИВ сайтининг мобил версияси ишга туширилган эди (m.mfa.uz). Мазкур версияда фойдаланувчиларнинг интернет трафикини иқтисод қилиш мақсадида расмлар намойиш этилмайди. Мобил версиядан сайтнинг асосий версияси сингари ўзбек, инглиз ва рус тилларида фойдаланиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Ташқи ишлар вазирлигининг Facebook’даги расмий саҳифаси август ойи бошида йўлга қўйилди. Мазкур саҳифага янгиликлардан парчалар, фотоматериаллар жойланади. Шунингдек, у фойдаланувчилар саволлари билан иш олиб боришга ёрдам бермоқда.
Изоҳ (0)