LG компанияси бутун дунё бўйлаб L линейкасидаги сўнгги смартфонлари L Fino ва L Bello’нинг сотувини бошлайди. Бу ҳақда Phonearena.com сайти маълумотига асосланиб «Пароль» нашри хабар берди.
Ушбу смартфонлар аввал Бразилияда, кейин эса Лотин Америкаси, Европа, Осиё ва Россияда сотила бошланади. Уларда смартфонни қулфдан чиқариш учун QuickCircle ва дисплейни махсус, яширин ҳамда 86 000 хил код билан қулфлаш учун KnockCode функциялари мавжуд бўлади.
L Fino смартфонида 4,5 дюймли дисплей, 1,2 ГГц частотага эга тўрт ядроли процессор, 1 Гб тезкор ва 4 Гб ички хотира (+MicroSD), VGA олд ва 8 мегапикселли орқа камера, 1900 мА·соат қувватга эга батарея, Android 4.4.2 KitKat операцион тизими ўрнатилган бўлади. Унинг оқ, қора, қизил, олтин ва яшил рангли турлари сотилади.
L Bello смартфонида эса 5 дюймли дисплей, 1,3 ГГц частотага эга тўрт ядроли процессор, 1 Гб тезкор ва 8 Гб ички хотира (+MicroSD), 1 мегапиксели олд ва 8 мегапикселли орқа камера, 2540 мА·соат қувватга эга батарея, Android 4.4.2 KitKat операцион тизими ўрнатилган бўлади. Унинг оқ, қора ва тилла рангли турлари сотилади.
Изоҳ (0)