Россия Федерацияси президенти Владимир Путин жавоб санкциялари шунчаки жаҳл устида эмас, маҳаллий ишлаб чиқариш фойдаси учун хизмат қилсагина жорий этилишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, РФ ҳукумати айни дамда шу масалани кўриб чиқмоқда, деб хабар берди «Вести».
Россия раҳбари санкциялар нафақат жорий этилаётган мамлакат, балки уларни киритган давлат иқтисодиётига ҳам салбий таъсир ўтказишини қайд этди.
«Агар ҳукумат мазкур қадам (жавоб санкциялари) иқтисодиётимиз манфаатларига мос келиши ҳақида хулоса қилса, биз уни амалга оширамиз, — дея ИТАР-ТАСС Путин сўзларидан иқтибос келтирди. — Бироқ бу иш ўзимизни кўрсатиб, албатта қўрслик билан жавоб қайтариш ва натижада жабр кўриш учун керак бўлса, демак, биз уни (санкцияларни) жорий қилмаймиз».
Нашрда қайд этилишича, ҳозирга қадар аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилмаган. «Қандай аниқ қадамлар бажарилиши ёки уларнинг умуман бажарилмаслиги ҳақида ҳукумат ўйлаб кўриб, таклифларини беради», — деди Путин.
Шунингдек, Россия президенти Европа Иттифоқи киритган янги санкцияларни «ғалатироқ кўринишга эга» эканлигини айтди.
Эслатиб ўтамиз, Евроиттифоқнинг РФга қарши янги санкциялари 12 сентябрь куни кучга кирди. Украинадаги «Баткившчина» партияси етакчиси Юлия Тимошенко эса Ғарб давлатларини Россияга янада кучли санкциялар киритишга чақирди.
Изоҳ (0)