Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 12 сентябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари кенгашининг кенгайтирилган 14-мажлисида ўз нутқи билан иштирок этди. Нутқ Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида эълон қилинди.
Ислом Каримов Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари, ШҲТда кузатувчи мақомига эга бўлган давлатлар раҳбарлари ва мазкур саммитга таклиф этилган меҳмонларга самимий ҳурмат изҳор этиб, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмонга меҳмондўстлик ва учрашув юксак савияда ташкил этилгани учун миннатдорчилик билдирди.
«Бугун бу ерда давлат раҳбарлари томонидан ШҲТнинг ўтган давр мобайнидаги фаолияти юзасидан билдирилган фикрларга қўшиламан. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти нисбатан қисқа даврда жаҳон сиёсатида муҳим ўрин тутаётган нуфузли халқаро тузилмага айланди, деб айтишга барча асосларимиз бор. Кейинги вақтда, дунёнинг турли жойларида қарама-қаршилик ва кескинликлар кучайиб бораётган бир шароитда ташкилотга аъзо мамлакатлар, шунингдек, кузатувчи давлатларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан минтақада тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, терроризм, сепаратизм, экстремизм, наркотрафик ҳамда бошқа хавф-хатар ва таҳдидларга қарши курашиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилди.
ШҲТнинг Миллий координаторлар кенгаши, Хавфсизлик котиблари ва экспертлар кенгаши даражасида амалга оширилаётган улкан ишларни ҳам алоҳида қайд этишни истардим.
Муҳтарам давлат раҳбарлари!
Имкониятдан фойдаланиб, қуйидаги масалаларга қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.
Бугун Афғонистонда юзага келаётган вазият сурункали беқарорлик хусусияти ва янада кескин тус олиш тенденциясига эга. Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, афғон муаммосини бартараф этишдан манфаатдор бўлган барча томонлар бир масалада якдилдир, яъни Афғонистонда ҳарбий йўл билан тинчликка эришиб бўлмайди.
Афғонистонда уруш йилларида тинч ҳаёт ҳақида тасаввурга ҳам эга бўлмаган бутун бир авлод вояга етди. Жорий йилнинг июнь ойида Афғонистонда ўтказилган президент сайлови шуни кўрсатдики, афғон халқи тўхтовсиз қон тўкиш ва зўравонликдан, кўп йиллик қашшоқлик, вайронагарчиликдан чарчади ва бугунги кунда мамлакатда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишини, ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқига эга бўлишни истайди.
Айни пайтда сайловчиларнинг овозини қайтадан санаш ва Афғонистон президентлигига сайлов натижаларини эълон қилиш ва давлатнинг янги раҳбарининг ўз вазифасини бажаришга расман киришиш жараёни чўзилаётгани мамлакатда келгусида барқарорликка эришиш борасида кучли хавотир уйғотмоқда.
Афғонистонда воқеаларнинг бу тарзда ривожланиши мамлакатда ички сиёсий вазиятни бутунлай издан чиқариши, миллий хавфсизликка ва қарама-қаршиликларни тинч йўл билан ҳал этиш истиқболларига реал хавф солиши, музокаралар жараёнида муросага эришиш, ўзаро курашаётган барча томонлар ва Афғонистондаги миллий-диний гуруҳлар вакилларидан ташкил топиши мумкин бўлган коалицион ҳукуматни шакллантиришга халақит бериши мумкин.
Хавфсизликка кўмаклашувчи халқаро кучларнинг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши таҳдидларнинг кучайиши ва беқарорликнинг ўсишига, террористик ва экстремистик фаолиятнинг кенгайишига ҳамда наркотрафик кўламининг нафақат Марказий Осиё минтақасида, балки ундан узоқ бўлган ҳудудларда ҳам ортишига олиб келишини ўзимизга тасаввур қилишимиз керак.
Бундай вазиятда Афғонистонда юзага келадиган ҳар қандай бўшлиқни қисқа муддатда турли бузғунчи ва террористик гуруҳлар эгаллаб олиши мумкин.
Оқибатини олдиндан айтиб бўлмайдиган бундай шароитда айрим сиёсий кучлар ва уларни қўллаб-қувватлайдиган давлатларнинг Афғонистонда тартибсизликни юзага келтириш ва вазиятни янада чигаллаштиришга уринишларини инкор этиб бўлмайди. Қисқача айтганда, Ироқдаги бугунги вазият такрорланади.
Ўзбекистон Афғонистон билан ўзининг барқарор ва дўстона муносабатларини ҳар икки мамлакатнинг миллий манфаатларидан келиб чиқиб ва фақат икки томонлама ҳамкорлик асосида ўрнатмоқда ва бундан кейин ҳам шундай йўл тутади. Афғон халқининг ўзи сайлайдиган ҳукуматни қўллаб-қувватлайди.
Дунё иқтисодиётида юзага келаётган аҳволни таҳлил қилар эканмиз, халқаро молиявий-иқтисодий инқирознинг жиддий оқибатлари ҳали тўлиқ бартараф этилмаган, деб айтиш учун барча асосларимиз бор.
Ҳеч шубҳасиз, бундай тенденция ШҲТ фаолиятида иштирок этаётган барча мамлакатлардаги вазият ва улардаги ривожланиш суръатларига бевосита ёки билвосита таъсир кўрсатади.
Бундай шароитда ташкилотга аъзо давлатларнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлаш, аниқ амалий натижаларга эришиш учун иқтисодиёт, инвестициялар ва транспорт коммуникациялари соҳаларида минтақа мамлакатлари манфаатларига жавоб берадиган кенг кўламли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтириш вазифаси алоҳида долзарб аҳамият касб этади.
Ушбу вазифани амалга оширишда Хитой Халқ Республикаси ва унинг Раиси Си Цзиньпин томонидан илгари сурилган «Буюк ипак йўли бўйлаб иқтисодий коридор» ташкил этиш борасидаги ташаббус муҳим ўрин тутади, деб ҳисоблаймиз. Мазкур коридор минтақадаги барча мамлакатларнинг узоқ муддатли иқтисодий, айниқса, трансминтақавий транспорт инфратузилмасини ривожлантириш соҳасидаги манфаатларини илгари суришга, нафақат ушбу лойиҳа иштирокчилари, балки бутун Марказий Осиё минтақасининг геосиёсий ва иқтисодий салоҳиятини сезиларли равишда кучайтиришга кўмаклашади.
Украинадаги муаммони бартараф этиш бўйича ҳам ўз фикр-мулоҳазаларимизни қисқача баён этишни истардим.
Биринчи. Украинадаги муаммони тинч йўл билан ҳал этиш бўйича Минск шаҳрида эришилган келишувларни, Украина ва Россиянинг ушбу масала юзасидан билдирган таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаймиз.
Иккинчи. Ишончим комилки, Ўзбекистон томонидан шу йилнинг 4 мартида Украинадаги қарама-қаршиликка барҳам бериш ва мамлакатда тинчлик ўрнатиш бўйича Украина ва Россия ўртасида тўғридан-тўғри музокара жараёнини ўтказиш юзага келган вазиятни ҳал этишнинг энг мақбул ва самарали йўли экани ҳақида билдирилган таклифлар долзарблигича қолмоқда ва бугун ҳам ўз тасдиғини топмоқда.
Учинчи. Украинадаги муаммо юзасидан ҳар қандай музокара жараёнларида Россиянинг тарихан кўп асрлар давомида шаклланган азалий манфаатлари ҳам эътиборга олиниши даркор.
Ушбу манфаатларни эътиборга олмаслик жиддий хато бўлган бўлур эди.
Фурсатдан фойдаланиб, Россия Федерацияси Президенти Владимир Владимирович Путинни ШҲТга навбатдаги муддатга раислик билан табриклаб, ушбу масъулиятли миссияни амалга оширишда муваффақият тилашга ижозат бергайсиз», — дея Ислом Каримов ўз нутқига якун ясади.
Изоҳ (0)