Президент Ислом Каримовнинг жорий йил 27 июндаги Республика иқтисодиёти тармоқларини 2014—2015 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори асосида ишлаб чиқилган чора-тадбирлар дастурида коммунал хўжалик, уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва бошқа тегишли тармоқлар зиммасига тизимдаги ишларни талаб даражасида йўлга қўйиш, истеъмолчиларга куз-қиш мавсумида узлуксиз ҳамда сифатли хизмат кўрсатиш борасида катта масъулият юкланган. Бу борада пойтахтда ҳам муайян юмушлар бажарилмоқда, деб хабар берди Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Тошкент шаҳар ҳокимлигидан олинган маълумотларга кўра, қозонхоналар, иссиқлик трассаларини капитал ҳамда жорий таъмирлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Куз-қиш мавсуми олдидан барча иситиш тизимлари юқори босим остида тўлиқ текширувдан ўтказилмоқда. Кўп қаватли уй-жой фондини қиш мавсумига тўлиқ тайёрлаш мақсадида уй-жойларнинг бир миллион 527 минг квадрат метр том қисми мукаммал ва жорий таъмирдан чиқарилди. 9400 дан ортиқ кириш йўлаклари таъмирланиб, эшикларга кодли қулфлар ўрнатилди. Шу билан бирга, кўп қаватли уйлардаги 1371 лифт таъмирланиб, уйлар атрофига 368 болалар майдончалари қурилди; мавжуд 1108 шундай маскан таъмирланди.
«Ўзкоммунхизмат» агентлиги тизимидаги корхоналар ҳам куз-қиш мавсумига қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 24 километр иссиқлик, 12 километр газ, 21 километр ичимлик, беш километр оқова сув ва 351 километр электр тармоқлари, 20 дан ортиқ иссиқлик етказиб берувчи қозонлар, 383 транформатор пунктлари мукаммал таъмирдан чиқарилди. 770 километр иссиқлик, ичимлик, оқова тармоқлари, мингдан ортиқ трансформатор пунктлари ҳамда 540 дан зиёд иссиқлик етказиб берувчи қозонлар таъмирланди.
Хусусан, Яшнобод туманидаги «Шердор коммуналчи» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати таркибидаги еттита кўп қаватли уйнинг ички муҳандислик-коммуникация тармоқлари сифатли таъмирланди. Бу ишларнинг асосий қисми аҳоли кўмагида амалга оширилди.
«Қишга тайёргарлик жараёнида тизимдаги уйларнинг барча йўлакларига темир эшиклар ўрнатилди, уларнинг еттитаси капитал таъмирдан чиқарилди, — деди мазкур уй-жой мулкдорлари ширкати раиси Гулмира Абдужабборова. — Уйнинг олди панжара билан ўралиб, йўлакларга тош ётқизилди. Маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда тўловларни ундириш, иссиқлик ва электр энергиясидан, иссиқ ва совуқ сувдан тежамкорлик билан фойдаланишни тўғри йўлга қўйдик. ‘Ипотекабанк’дан олинган 50 миллион сўмлик кредит эвазига 2600 квадрат метр том таъмирланди. Хонадонлардаги иситиш қувурлари замонавийларига алмаштирилиб, тўртта болалар майдончаси қурилди. Айни пайтда ҳудудимизда истиқомат қилаётган боқувчисини йўқотган ва кам таъминланган оилаларга бепул хизмат кўрсатишни йўлга қўймоқчимиз».
Изоҳ (0)