11 сентябрь куни Лондон маркази, шаҳар ҳайвонот боғи яқинида шаҳзода Гаррининг кортежи ҳалокатга учради — такси ҳайдовчиси кортеж мотоциклига келиб урилди, деб хабар бермоқда The Telegraph.
Ҳалокат оқибатида мотоцикл ҳайдовчиси тахминан тўққиз метрга учиб кетди. Ўз автомобилида сиқилиб қолган такси ҳайдовчиси эса машина томини олиб ташлаш орқали қутқариб қолинди.
Гувоҳларнинг маълум қилишича, шаҳзоданинг кортежи катта тезликда ҳаракатланаётган бўлган. Йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлгач, салонида шаҳзода Гарри бўлган Range Rover автомобили хавфсизликни таъминлаш мақсадида бир неча юз метргача ҳаракатланишда давом этган.
Нашрда қайд этилишича, фавқулодда ҳодисадан шок ҳолатига тушган Гарри авария иштирокчилари билан барчаси жойидалигига ишонч ҳосил қилишга уринган.
Автоҳалокат натижасида жароҳат олганлар шифохонага етказилган. Ҳозирга қадар уларнинг аҳволи ҳақида хабар берилмади.
Полиция йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан тергов-суриштирув ишларини бошлади.
Изоҳ (0)