Қозоғистон парламенти сенатори Куаниш Айтахонов қимиз ва шубат (туя сутидан тайёрланган нордон ичимлик) тўғрисида қонун қабул қилиш ғоясини илгари сурди. Бу ҳақда Tengrinews.kz хабар бермоқда.
Айтахоновнинг сўзларига кўра, қимиз ва шубат аслида қандай тайёрланиши билан боғлиқ намуналар, сутга бўлган талаблар, унинг физик ва кимёвий хусусиятлари, ҳиди ва таъми, шунингдек, сақлаш муддати қонун билан мустаҳкамлаб қўйилиши керак. Бундан ташқари, фермерларни рағбатлантириш учун давлат томонидан имтиёзлар берилиши лозим. «Биз аждодларимиз васиятини ҳурмат қилган ҳолда ёқимли ва севимли ичимлигимизнинг миллий брендини яратишимиз ҳамда қимиз ва шубат тўғрисида қонун қабул қилишимиз зарур», — деди депутат Қозоғистон Бош вазири Карим Масимовга мурожаат қилиб.
Айтахонов «Қозоғистон-2050» дастурида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини модернизация қилиш вазифаси ҳам белгиланганлигини ёдга олиб, юқоридаги икки ичимликни давлат миқёсида ишлаб чиқариш мамлакат иқтисодиёти соҳаларини кенгайтиришда муҳим рол ўйнашини қайд этди. Қонун эса аждодлардан мерос бўлиб қолган ичимликларнинг келаси авлодга етказилишини таъминлайди.
Сенаторнинг сўзларига кўра, қозоғистонлик олимлар қимиз ва шубатни ишлаб чиқариш бўйича бир қанча асарлар ёзган. Бироқ миллий бренд яратиш борасидаги ҳаракатлар ҳозирга қадар қўллаб-қувватланмаган. «Ўз вақтида мамлакатда ўпка касалликларини қимиз билан даволовчи 15 та шифохона бўлган. Бироқ уларга давлат томонидан кўмак берилмагач, аста-секин ёпилган», — деди депутат.
Куаниш Айтахоновнинг маълум қилишича, Россия, Япония ва Ғарбий Европа қимиз ва шубатнинг даволаш хусусиятларига алоҳида қизиқиш билан қарамоқда. Хусусан, Россияда қимиз ишлаб чиқариш бўйича 80 та агроферма ва қимиз билан даволовчи 48 та шифохона ўз фаолиятини олиб бормоқда. Туркиядаги қозоғистонликлар эса Германияга йилига 1000 тонна қимиз экспорт қилмоқда.
Изоҳ (0)