Тошкент шаҳридаги Темурийлар тарихи давлат музейида 9 сентябрь куни «Узоқ ва яқин Уммон» номли маданий-тарихий кўргазма ўз ишини бошлади, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Халқаро Амир Темур жамғармаси, Темурийлар тарихи давлат музейи ҳамда Уммон Султонлиги Вазирлар Маҳкамаси Миллий девонхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур кўргазманинг очилишида турли вазирлик ва идоралар, ижодий ташкилотлар, Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, рассомлар, санъат ихлосмандлари иштирок этди.
Кўргазманинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов, Уммон Султонлиги Вазирлар Маҳкамаси Миллий девонхонаси раиси Ҳамад бин Муҳаммад ал-Давяний Ўзбекистон билан Уммон ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳалар қатори маданият ва санъат йўналишларида ҳам изчил тараққий этиб бораётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувлари чоғида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.
Пойтахтда очилган ушбу кўргазмада Уммоннинг бугунги куни ва тарихига бағишланган санъат ва фото асарлари, халқ амалий санъати намуналари, тарихий ҳужжатлар, миллий либослар, заргарлик буюмлари намойиш этилмоқда. Кўргазмага ташриф буюрганлар Уммон халқининг турмуш тарзи, урф-одатлари, адабиёт ва санъати, мусиқаси, маданиятнинг бошқа соҳалари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлиши мумкин.
Кўргазмадан ўрин олган асарлар, тарихий ҳужжатлар, қадимги танга ва хариталар, ёрқин рангларда акс эттирилган композициялар, уммонлик санъаткорларнинг миллий куй-қўшиқлари ва рақслари санъат ихлосмандларини бефарқ қолдирмайди. Бу ерда томошабинлар уммонлик олим ва мутахассислар томонидан миллий меросни асраш, тарихий ҳужжатларни тиклаш ва ўрганиш борасида олиб борилаётган ишлар билан ҳам танишиши мумкин.
Мазкур кўргазма доирасида Ўзбекистоннинг қатор университетлари талабалари ўртасида «Сиз Уммонни биласизми?» викторинаси ўтказилади. Ғолиблар Уммонга саёҳат қилиш имконини қўлга киритади.
Изоҳ (0)