Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ижросининг 2014 йил биринчи ярим йиллик якунлари тўғрисидаги ҳисобот кўриб чиқилди. Фракция аъзолари, бир қатор мутасадди вазирликлар, идора ва ташкилотларнинг масъул раҳбар ходимлари иштирок этган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Молия вазири ўринбосари Мубин Мирзаевнинг ҳисоботи тингланди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси ахборот хизмати.
Фракция аъзоларидан бири Абдукамол Раҳмонов ҳисобот даврида ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатларини молиялаштириш учун Давлат бюджети харажатларининг 60,8 фоизи миқдорида маблағ ажратилганини таъкидлади. Бу харажатлар ЯИМга нисбатан 14,6 фоизни ташкил этди.
Хусусан, ижтимоий соҳа харажатларининг асосий қисмини (57,1 фоиз) ташкил этган таълим муассасалари таъминоти ва уларни ривожлантириш харажатларига Давлат бюджетидан 5102,4 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Айниқса, умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, спорт заллари ва бошқа инфрастуктура объектларини барпо этиш, уларни ўқув-лаборатория, ишлаб чиқариш ва спорт жиҳозлари, компьютер техникаси ва ахборот коммуникация технологиялари, ўқув мебеллари ва инвентарлар билан қайта жиҳозлаш ишлари учун сарфланган харажатлар фракция аъзолари диққат марказида бўлди.
Фракциянинг бошқа бир аъзоси Камола Ҳамидова олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси томонидан:
- олий таълим муассасаларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларига — 142,6 миллиард сўм;
- жиҳозлаш учун — 22 миллиард сўм;
- капитал таъмирлаш учун — 51 миллиард сўм ажратилганлигини қайд этди.
Шу билан бирга, йиғилишда олий таълимдан кейинги босқич сифатида, илм-фанни ривожлантиришни молиялаштиришга давлат бюджетидан ажратилган харажатлар ижроси ҳам эътибор марказида бўлди. Ушбу мақсадлар учун ҳисобот даврида 69,5 миллиард сўм ёки 2013 йилнинг мос даврига нисбатан 11,5 фоизга кўп маблағ сарфлангани қайд этилди.
Шунингдек, йиғилишда соғлиқни сақлаш секторини ривожлантириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ишларига ҳисобот даврида давлат бюджетидан 2030,1 миллиард сўм ёки 2013 йилнинг мос даврига нисбатан 16 фоизга кўп маблағ йўналтирилгани маълум қилинди.
Қизғин муҳокамалардан сўнг, фракция аъзолари Ўзбекистон «Адолат» СДП позицияси нуқтаи-назаридан келиб чиқиб, ўз таклиф ва тавсияларини билдирди ва 2014 йил 1-ярим йилликдаги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ижросини маъқуллади.
Изоҳ (0)