Сентябрнинг иккинчи ўн кунлигида Жанубий Кореянинг Инчхон шаҳрида 17-Осиё ўйинлари бошланади. Қуръа натижасига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси Гонконг, Бангладеш ва Афғонистон билан бир гуруҳга тушган. Ҳозирда қитъа ўйинларига зўр тайёргарлик олиб борилмоқда. «Жар» стадионидаги машғулот бир ярим соат давом этмоқда. Миржалол Қосимов ва унинг ёрдамчилари жараёнда турли ҳужум тактикалари устида иш олиб боряпти, деб хабар бермоқда Uff.uz.
Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимовнинг маълум қилишича, машғулотларда, асосан, Осиё ўйинларига йўл оладиган таркиб вакиллари иштирок этяпти. «Менга Бахтиёр Ашурматов ёрдам беряпти. Шуҳрат Мақсудов бугун Иорданиядан қайтади. Кеча унинг жамоаси Уммон шаҳрида Иордания термасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушди. Эртадан Шуҳрат ҳам мураббийлар штабини тўлдиради», — деди мураббий.
Миржалол Қосимов йиғинда иштирок этаётган футболчилардан 20 нафари Инчхонга бориши, улардан икки нафари дарвозабон эканлигини айтди.
«Кутилмаган ҳолат юз бермаса, машғулотда қатнашаётган Элдор Суюнов ва Никита Рибкин Осиё ўйинларида қатнашади. Қолган 18 нафар футболчини 4 сентябрь куни Иордания терма жамоасига қарши ўйиндан сўнг аниқлаб оламан. Ёши катталардан Ислом Тўхтахўжаев, Фозил Мусаев ва Фарҳод Тожиевнинг Кореяга боришлари қарийб ойдинлашди. Олдинда яна иккита ўйин бор. Кутилмаган жароҳатлар футболчиларнинг душмани ҳисобланади. Ҳаммаси жойида бўлса, айнан улар Осиё ўйинларига йўл олади. Терма жамоамиз олдида масъулиятли вазифа турибди. Бундан 20 йил аввал Хиросимадаги 12-Осиё ўйинларида кўрсатган натижамизни такрорлашга ҳаракат қиламиз», — деб қайд этди Миржалол Қосимов.
Унинг сўзларига кўра, Тошкентда ўтказиладиган иккита ўртоқлик ўйинида майдонга икки хил таркиб тушади: «Осиё ўйинларига жуда оз вақт қолгани боис, 4 сентябрь куни Иордания терма жамоасига қарши ўртоқлик баҳсида айнан Инчхонга йўл оладиган футболчилар майдонга тушади. Янги Зеландия билан учрашувда эса бугунги кундаги терма жамоамизнинг энг кучли таркиби ўйнайди».
Қосимов легионерлардан Сервер Жепаров, Темур Кападзе, Одил Аҳмедов, Виталий Денисов, Санжар Турсунов, Анзур Исмоилов ва Азиз Ҳайдаровга чақирув қоғози жўнатилганини айтиб, уларнинг Янги Зеландияга қарши ўйинда майдонга тушишини маълум қилди. Шунингдек, 8 сентябрь кунги ўйинда Игнатий Нестеров, Шавкат Муллажонов, Жасур Ҳасанов, Шуҳрат Муҳаммадиев каби ички чемпионатда тўп тепаётган ўйинчиларга ҳам имконият берилади.
Бош мураббий 17-Осиё ўйинларининг гуруҳ босқичидан 100 фоизлик натижа билан «плей-офф»га чиқиш терма жамоа мақсади эканлигини таъкидлади.
Изоҳ (0)