Суратга тушиш майдончасида жароҳат олган актёр Харрисон Форд «Юлдузлар жанги» (Star Wars) фильмининг 7-қисмини суратга олиш ишларига қайтди. Бу ҳақда Hollywood Reporter нашри хабар бермоқда.
Харрисон Форд июнь ойи ўрталарида Лондон атрофидаги Pinewood студиясида жароҳат олган эди. 71 ёшли актёрнинг устига «Минг йиллик лочин» (Millennium Falcon) космик кемасининг гидравлик эшиги тушган эди. Фильм воқеаларига кўра, Форд мазкур кеманинг капитани бўлади. Содир бўлган бахтсиз воқеадан сўнг, актёр Оксфорддаги «Жон Редклифф» шифохонасига вертолётда етказилди. Оёғига жароҳат етган актёр операция қилинди.
Тўхтаб қолган суратга олиш ишлари Буюк Британиянинг Pinewood Studios киностудиясида жорий ҳафтада тикланди. Нашрда маълум қилинишича, ижодий танаффус фильмни кино ихлосмандларига тақдим этиш санасига таъсир қилмайди. Фильм премьераси, аввал белгиланганидек, 2015 йил 18 декабрда ўтказилиши кутилмоқда.
«Юлдузлар жанги» сериалидаги янги фильм режиссёри Жей Жей Абрамс бўлиб, суратга олиш ишлари 2014 йил май ойида Бирлашган Араб Амирликларининг чўлли ҳудудида бошланган.
Изоҳ (0)