Тўққиз йилдан бери ўз соҳаси бўйича фаолият юритиб келаётган италиялик шифокорнинг бор-йўғи 15 кун иш жойида бўлгани аниқланди. Шифокор қолган вақтда ишга келмаслиги қонунбузарлик ҳисобланмаган. Негаки, у бу вақтда турли курслар, таътил ва даволанишда бўлган. Шунга қарамай, у тўлиқ маош олган, деб хабар бермоқда The Telegraph.
Сицилиялик шифокор 2005 йил Катания провинциясидаги шифохоналардан бирига ўз йўналиши бўйича ишга жойлашади. У ўша куннинг ўзидаёқ университет дарсларига қатнай бошлайди. 2008 йил 31 октябрь куни иш жойига қайтгач, шифокор оилавий сабаблар туфайли маош тўланадиган таътил олади. Таътил 2009 йилнинг май ойига қадар давом этади.
Шифохонага қайтгач, 15 кун иш фаолиятини олиб борган шифокор 2009 йил июлигача даволаниш учун таътил олади. У соғайгач, университетдаги яна бир ўқув курсига ёзилиб, 2014 йилнинг июнига қадар таҳсил олади.
Ҳозирда у 2016 йил декабрда докторлик даражасини олиш учун тайёрланмоқда.
Шифохона бош шифокори мазкур ходимини бир неча бор иш жойига қайтаришга урингани, бироқ барча сабаблар қонуний бўлгани боис қўлидан келмаганини айтди. Сициялик эса, ўз навбатида, уни ишдан қочишда айблаш адолацизлик эканлигини таъкидламоқда. Унинг сўзларига кўра, олган барча билимлари ишга қайтганида шифохона учун фақат фойда келтиради.
Шунга қарамай, мазкур воқеа Италиядаги қонунийликни таъминлаган ҳолда ишдан қочаётган минглаб давлат ходимларининг бир мисоли сифатида қаралмоқда.
Воқеа юзасидан Италия ҳукумати тергов ишларини бошлади.
Изоҳ (0)