Ўзбекистон Интеллектуал мулк агентлиги «Янги интеллект — 2014» энг яхши интеллектуал мулк объекти учун йиллик танлов ўтказилишини эълон қилди. Бу ҳақда Туркистон-пресс нодавлат ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Танлов республикада ихтирочилик ва илмий-техникавий ижодиётни рағбатлантириш, инновацион фаолиятни ривожлантириш, янги техника, технология ва рақобатбардош маҳсулотларни яратишга кўмаклашиш, илғор технологияларни татбиқ этиш, ихтирочилик фаолиятини фаоллаштириш, қўллаб-қувватлаш, энг яхши интеллектуал мулк объектларини аниқлаш ва ҳуқуқ эгаларини мукофотлаш мақсадида ихтиро, фойдали модел, саноат намунаси, дастурий маҳсулотлар йўналишлари бўйича ўтказилади.
Танлов 2014 йилнинг 1 сентябридан 2015 йил 1 мартига қадар давом этиб, унда энг яхши ихтиро, энг яхши фойдали модел, энг яхши саноат намунаси, энг яхши дастурий маҳсулот сингари номинациялар бўйича ғолиблар аниқланади.
Агентлик матбуот хизмати маълумотига кўра, танловга охирги уч йил ичида Ўзбекистон Республикаси патентини олган интеллектуал мулк объектлари ҳамда миллий ишлаб чиқарувчилар томонидан яратилган дастурий маҳсулотлар қабул қилинади.
Танловда барча номинациялар бўйича совринли 1—3-ўринларни эгаллаган ғолиблар пул мукофотлари билан тақдирланиб, уларга танлов ташкилотчиларидан эсдалик совғалар топширилади.
Изоҳ (0)