Германиянинг Гессен федерал ҳудудидаги Фульд шаҳрида банк ходими муассаса мижозининг ҳисобига адашиб катта маблағ ўтказиб юборди. Бу ҳақда ИТАР-ТАСС хабар бермоқда.
Bild газетасининг маълум қилишича, 22 ёшли қизнинг ҳисоб рақамига 3,7 миллион евро ўтказилган. Қиз туширилган бундай катта маблағ ҳақида ҳисобидан кўчирма чиқартирганда хабар топган.
Иш куни сўнгида қаттиқ чарчаган банк ходими мижоз ҳисобига пул ўтказилаётганда, маблағ суммасини киритиш керак бўлган жойга етти хонали сон ёзган. Банкдан хабар берилганидек, орадан 30 сония ўтиб, мазкур пул ўтказма бекор қилинган.
Молия муассасаси ходимининг пулни хатолик билан ўтказгани учун қиз бу пулларни ўзида олиб қола олмасди. Ҳуқуқшунос Андреас Лангнинг сўзларига кўра, «хатолик банк ходимлари томонидан аниқланмай, мижоз туширилган маблағни ҳисобидан ечиб олган ёки бошқа ҳисоб рақамига ўтказишга улгурганида ҳам қонун бўйича уларни қайтаришга мажбур бўлар эди».
Изоҳ (0)