Наманган вилояти бўйлаб катта турне доирасида олти кунлик концерт дастурларини намойиш этаётган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхон 20 август куни Тўрақўрғон тумани марказий стадионида 5000 га яқин томшабин учун концерт тақдим этган бўлса, кеча Косонсойда ўз мухлисларини хушнуд этди. Бу ҳақда Popcorn.uz хабар бермоқда.
Сардор Раҳимхон: «Мени қувонтирадиган жиҳати, концертимга нафақат ёшлар, балки катта ёшли мухлислар ҳам ташриф буюрмоқда. Стадионга йиғилган мухлисларнинг айнан 80 фоизини ёши катталар ташкил этмоқда», — деб таъкидлади.
Хонанданинг айтишича, мухлислар ундан «Дўст» ва «Маликам энди қара» қўшиқларини ижро этишини қайта-қайта илтимос қилмоқда.
Ҳеч қаерда эълон қилинмаган янги тароналарнинг ҳам сўралаётгани Сардор Раҳимхонни ҳайрон қолдирди.
Хусусан, хонанданинг фақатгина концерт дастурида куйланган «Кўргани келдик» таронасига бутун стадион жўр бўлди.
«Айниқса, онахонларнинг юракдан айтаётган ниятлари, дуолари мен учун совға бўлди. Қалбимдаги қувончни сўз билан таъриф этолмайман. Мен учун энг муҳими шу экан», — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист.
Унинг концерт дастурида шогирди Аброр Азизов ҳам иштирок этиб, нафақат томошабинлар, балки устозини ҳам қувонтирди.
Сардор Раҳимхон ўз концерт дастури билан бугун Янгиқўрғон туманида меҳмон бўлади.
Изоҳ (0)