«Динамо» бош мураббийи Равшан Ҳайдаров Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси (U-19)га бош мураббий этиб тайинлангач, унинг асосий эътибори терма жамоага қаратилиб, клубнинг натижалари бироз сусайган эди. Шу боис тажрибали мураббий Тачмурод Агамуродов клубда маслаҳатчи-мураббий сифатида фаолият юрита бошлади, деб қайд этди Uff.uz.
Самарқанд клубининг ахборот хизмати маълум қилишича, Тачмурод Агамуродов чоршанба куни «Динамо» футболчиларига таништирилгач, тушдан сўнг жамоанинг дастлабки машғулотларида иштирок этган.
«Самарқанддек шаҳар жамоасида яна иш бошлаганимдан жуда хурсандман. Бу ажойиб шаҳардаги дастлабки фаолиятимдан менда жуда яхши ва ёрқин хотиралар қолган. Клуб мен учун бегона эмас — бир қатор футболчилар билан олдин ҳам ишлаганман.
Албатта, ҳозирда жамоанинг турнир жадвалидаги ҳолати ҳавас қиларли даражада эмас. Аммо, иккинчи давранинг асосий ўйинлари ҳали олдинда ва вазиятни ўзгартириш учун имконият бор. Шундай экан, мен жамоа натижалари яхшиланиши учун бор билим, тажриба ҳамда маҳоратимни ишга соламан. Тажрибамдан биламан — ‘Динамо’нинг минглаб содиқ мухлислари борки, улар ҳеч қачон севимли жамоалари тақдирига бефарқ бўлмайди. Умид қиламанки, улар ўз жамоаларини қўллаб-қувватлашда давом этади ва биз бирга яхши натижалар учун курашамиз» — дея таъкидлади Тачмурод Шамакович.
Маълумот учун, «Динамо» навбатдаги 17-турда шанба куни сафарда «Бунёдкор» меҳмони бўлса, 18-турда чоршанба куни «Андижон»ни ўз майдонида қабул қилади.
Изоҳ (0)