18 август куни Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказилаётган II ўсмирлар Олимпиада ўйинлари доирасида 1000 метр масофага академик эшкак эшиш мусобақаларида ярим финалга чиққан Шаҳбоз Абдужабборов ва Юлдуз Кулгавая бугун финал йўлланмаси учун кечган баҳсда ҳам муносиб иштирок этиб, кейинги босқичга чиқди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси хабар бермоқда.
Таъкидлаш жоизки, 20 август куни ўтказиладиган финал босқичи мусобақасида олимпиада ўйинларининг медаллари ўйналмайди.
20 август куни, шунингдек, стол тенниси бўйича микст (ўсмир – қиз) мусобақаларига қуръа ташланади. Стол теннисининг яккалик баҳсларида иштирок этган ўзбекистонлик Регина Ким микст мусобақаларида ҳам қатнашади.
Бундан ташқари, дзюдо кураши бўйича шахсий мусобақаларда бронза медалга сазовор бўлган Суҳроб Турсунов жамоавий баҳсларда ҳам иштирок этади.
19 август ҳолатига кўра, Ўзбекистон номини ҳимоя қилаётган 27 нафар спортчи мусобақаларни давом эттирмоқда. Ҳозирда Ўзбекистон делегацияси ҳисобида иккита бронза медаль мавжуд бўлиб, у умумжамоа (норасмий) ҳисоби билан 204 давлат орасида 35-ўринда боряпти.
Хабар берилганидек, медалларни қўлга киритиш борасида айни дақиқаларга келиб, Хитой спортчилари пешқадамлик қилмоқда. Уларнинг ҳисобида тўртта олтин, битта кумуш ва бешта бронза медаль мавжуд. Кучли учликдан, шунингдек, Россия (4-1-2) ва Венгрия (4-0-2) делегациялари ўрин олган.
Изоҳ (0)