«Шалтай Болтай» аноним гуруҳи Россия Бош вазири Дмитрий Медведевнинг шахсий маълумотларини қўлга киритганини хабар қилди. Медведевнинг твиттерига ҳам айнан шу гуруҳ томонидан ҳужум уюштирилган бўлиши мумкин, деб қайд этди Gazeta.ru.
«Гуруҳнинг расмий позицияси — твиттерни биз бузмаганмиз. Норасмийи эса — биз бўлишимиз ҳам мумкин. Бизни бузган деб ўйлашса керак. Негаки қўлимизга Медведевнинг почта қутилари ва учта ‘айфон’идаги маълумотлар тўсатдан тушиб қолди», — деди «Аноним Интернационал» гуруҳи вакили.
«Роскомнадзор» (Россия Алоқа, ахборот технологиялари ва оммавий алоқа воситаларини назорат қилувчи Федерал хизмат) июль ойида россиялик мансабдор шахслар ва сиёсатчиларнинг ёзишмаси жойланган «Шалтай Болтай» аноним блогини блоклаб қўйган эди.
Эслатиб ўтамиз, бугун эрталаб Бош вазирнинг твиттерига ҳужум уюштирилиб, номаълум шахслар унинг истеъфога чиқиши ҳақида хабар берган эди.
Изоҳ (0)