Sony сув ўтказмас мобил қурилма ишлаб чиқарувчи илк компаниялардан бир ҳисобланади. Компаниянинг Xperia Z2 смартфони сув ўтказмас қилиб ишланган ва қоидага кўра уни 1,5 метр сув остида, ярим соатгача сақлаш мумкин. Бироқ, у олти ҳафта тузли сув остида қолиб кетди ва ҳамон ишламоқда. Бу ҳақда Phonearena.com сайти маълумотига асосланиб «Пароль» нашри хабар берди.
Швециялик Александр Махен сувда учиш таътилини ўтказаётган пайтида Xperia Z2 смартфони сувга тушиб кетади. Сувнинг чуқурлиги 10 метр бўлгани боис смартфонни сувдан олиб чиқишнинг иложи бўлмайди.
Александр смартфонига қўнғироқ қилиб кўради ва 10 метр сув остидаги смартфон ишлаётганига гувоҳ бўлади. Орадан олти ҳафта ўтгач Александрнинг дўсти акваланг кийимида ўша смартфонни сув остидан олиб чиқади.
Қутқарилган смартфоннинг шишадан қилинган орқа қисми синган ва батареяси буткул тугаган эди. Смартфонни қайта зарядлашганда, у тўлиқ қувватланиб, яна аввалгидек ишлашда давом этади.
Эслатиб ўтамиз, Sony Xperia Z2 смартфони Ўзбекистонда сотилаётган энг қиммат смартфонлар сирасига киради.
Изоҳ (0)