Тўлқин Туркиядаги пляжлардан бирига икки бошли дельфинни чиқариб ташлади. Мутант мурдасини Измирдаги қирғоқда маҳаллий фуқаро — жисмоний тарбия ўқитувчиси Тугрул Метин кўриб қолди. Бу ҳақда Daily Mail хабар берди.
Аниқланишича, дельфин бир ёшда бўлиб, унинг узунлиги деярли бир метрга тенг. Нашр эълон қилган расмда «махлуқ»нинг иккита боши ва битта думи борлигини кўриш мумкин.
Тугрул Метин журналистларга дельфинни денгиздалигидаёқ пайқагани, уни тўлқин қирғоққа олиб чиққанини кўрганини айтиб берди. «Аввалига кўзларимга ишонмадим. Бунақасини умримда кўрмаган эдим, шунга шок ҳолатига тушиб қолдим», — деди у.
Метин ўз топилмаси ҳақида полицияга хабар берган. Пляжга мутахассислар етиб келиб, дельфинни экспертиза учун олиб кетишган. Олимлар ҳар иккала бошда ҳам кўзлар ва нафас олиш тешиги яхши ривожланмаганини аниқлашган.
Ғайриоддий мавжудотни ўрганиш билан Оқденгиз Университети олимлари шуғулланмоқда. Улар бу каби Сиам эгизаклари камдан-кам учраши туфайли, мутант дельфинни тадқиқ қилишдан мамнунликларини билдирди.
Изоҳ (0)