2014 йил 8 июль Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тузилмасини янада мақбуллаштириш ҳамда республика академик илм-фани ва олий таълимининг интеграциясини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга имзо чекди. Бу ҳақда ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг сайтида хабар берилди.
Унга кўра, Тошкент давлат шарқшунослик институти ҳузурида Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари маркази ташкил этилди. Мазкур марказ Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг тугатилган Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти негизида ташкил этилиши белгиланди.
Марказ фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 7 августдаги қарори ҳам қабул қилинди. Қарорга асосан, ташкил этилган янги марказ директори — Тошкент давлат шарқшунослик институтининг проректори Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг буйруғи билан белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.
Шарқ қўлёзмалари марказининг вазифаси этиб, қадимий шарқ қўлёзмалари ва шарқ тилларидаги тарихий ҳужжатларнинг сақланишини, тизимлаштирилиши ва қайта тикланишини таъминлаш, Ўзбекистонда сақланаётган ноёб қўлёзмаларнинг электрон базасини ташкил этиш ва юритиш, ёзма ёдгорликларни чуқур тизимли ўрганишни ва уларнинг илмий тавсифларини тузишни ташкил қилиш кабилар белгиланди.
Шунингдек, Ўзбекистонда сақланаётган ноёб қўлёзмаларнинг илмий шарҳланган таржималарини тайёрлаб, маҳаллий ва хорижий олимлар, мутахассислар, ўқувчи ёшлар кенг танишиб, ўрганишлари учун уларни оммавий ахборот воситаларида ва Интернет тармоқларида ўзбек тилида ва хорижий тилларда нашр этиш ҳам Марказнинг асосий вазифаларидан бири эканлиги таъкидланди.
Бош Вазир ўринбосари Р.С.Азимов раҳбарлик қилаётган ишчи гуруҳ олдига, Фанлар академиясининг тугатилган илмий муассасаси ходимларини аттестациядан ўтказиб, ташкил этилаётган илмий-тадқиқот марказини малакали ва ташаббускор илмий ходим ва мутахассислар билан тўлдирилишини таъминлаш вазифаси топширилди.
Президент қарорида Тошкент шаҳри, М. Улуғбек тумани, Мирзо Улуғбек кўчаси, 81-уйда жойлашган Абу Райҳон Беруний номли Шарқшунослик институти бинолари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг балансидан Тошкент давлат шарқшунослик институти балансига топширилиши-қабул қилиб олиниши кўзда тутилган.
Қарорда таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси ва Уммон Султонлиги ҳукумати ўртасида имзоланган Битимга мувофиқ, Уммон Султонлиги томонидан беғараз ажратиладиган техник кўмак (грант) маблағлари ҳисобига Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари маркази фондининг янги кутубхона биноси қурилиши амалга оширилади.
Уммон Султонлиги томонидан беғараз ажратиладиган техник кўмак (грант) маблағлари ҳисобидан харид қилинадиган ва олиб кириладиган товарлар (ишлар, хизматлар) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича божхона тўловларидан (жумладан, божхона йиғимларидан), қўшилган қиймат солиғидан, давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан, шунингдек Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига йиғимлар тўлашдан озод қилинади.
Марказ кутубхонаси биносини қуриш бўйича:
- Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси — буюртмачи этиб;
- «ТошуйжойЛИТИ» очиқ акциядорлик жамияти — бош лойиҳалаштирувчи этиб;
- бош пудратчи Уммон Султонлигининг Ўзбекистондаги дипломатик миссияси томонидан буюртмачи билан биргаликда ўтказилаётган танлов натижалари бўйича белгиланади.
Изоҳ (0)