Бугун, 11 август эрталабдан 1979 йилги авиаҳалокатда ҳаётдан кўз юмган жамоа аъзоларини хотирлаш тадбирлари ўтказилди. Бу ҳақда Stadion.uz хабар бермоқда.
«Пахтакор» стадионидаги ёдгорлик олдида кўплаб жамоа аъзоларининг оиласи ва яқинлари, мураббий ва мутахассислар, мухлислар, клублар, ЎФФ ва ПФЛ вакиллари, «Пахтакор»нинг айни пайтдаги футболчилари жам бўлди.
Дастлаб йиғилганлар ёдгорлик олдига гуллар қўйди. Мирзаҳаким Тўхтамирзаев, Тўлаган Исоқов, Евгений Валицкий ва Григорий Сейтлин жамоа ҳақида ўз фикрлари ва хотираларини айтиб, бугунги кунда марҳум футболчилар ва жамоа аъзолари хотираси учун амалга оширилаётган ишларни қайд этди.
Шундан сўнг, йиғилганлар Боткин қабристонига йўл олди. У ерда ЎФФ фахрийлар кенгаши раиси Наримон Жалолов жамоа тўғрисида ўз хотиралари билан ўртоқлашди. Боткин қабристонига «Бунёдкор»нинг асосий таркиби ҳам ташриф буюрди.
Бугун кун давомида «Пахтакор — 79» хотирасига бағишланган тадбир ва футбол учрашувлари бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, 1979 йил 11 август куни Тошкент вақти билан соат 13:35 дан 38 сония ўтганда Тошкент — Гурьев — Донецк — Минск рейсида парвоз қилаётган ТУ — 134 самолёти Челябинск — Кишинёв рейсини бажараётган шу русумдаги бошқа самолёт билан тўқнашиб кетган. Фожеа ердан 8400 метр баландликда юз берган ва икки самолёт бортида бўлган 178 киши ҳалок бўлган.
Улар орасида ўша вақтда ўзбек футболининг фахри ҳисобланган «Пахтакор»нинг 17 нафардан иборат қуйидаги таркиби ҳам бўлган:
- Идгай Борисович Тазетдинов — мураббий
- Владимир Васильевич Чумаков — шифокор
- Мансур Иномжонович Толибжонов — маъмур
- Михаил Иванович Ан — ярим ҳимоячи
- Владимир Иванович Фёдоров — ҳужумчи
- Олим Масолиевич Аширов — ҳимоячи
- Равиль Рустамович Агишев — ҳимоячи
- Константин Александрович Баканов — ярим ҳимоячи
- Юрий Тимофеевич Загуменних — ҳимоячи
- Александр Иванович Корчёнов — ярим ҳимоячи
- Николай Борисович Куликов — ҳимоячи
- Владимир Васильевич Макаров — ярим ҳимоячи
- Сергей Константинович Покатилов — дарвозабон
- Виктор Николаевич Чуркин — ҳужумчи
- Сирожиддин Аҳмадович Бозоров — ҳужумчи
- Шуҳрат Мўсинович Эшбўтаев — ҳужумчи
- Владимир Валиевич Собиров — ҳужумчи
Изоҳ (0)