АҚШнинг Техас штати Хюстон шаҳрида жойлашган Celestis компанияси 1997 йилдан бери одамлар жасадлари қолдиқларини космосга юбориш билан шуғулланади. Бундай ғайритабиий дафн АҚШнинг ўзига тўқ фуқаролари ўртасида анча машҳурдир. Кузга келиб, компания янги — уй ҳайвонларини коинотга юбориш хизматини ишга туширади. Бу ҳақда Metro’га таяниб, «Вести» хабар берди.
Компания одамларнинг хизматларни кенгайтириш тўғрисидаги таклифлар билан бир неча йилдан бери мурожаат қилаётгани ва ниҳоят фирманинг профессионал муҳандислари илтимосларни амалга оширишга аҳд қилганини қайд этди. «Кўпчилик ўзининг уй ҳайвонини космосга дафн қилишни орзу қилади», — дейилади компания баёнотида.
Celestis фирмаси йўлга қўядиган хизматнинг нархи 1000 долларга тенг бўлиб, у ҳайвонларнинг қолдиқлари солинган қутини фазога жўнатишни кўзда тутади. Уларни ойга юбориш нархи эса 12,5 минг долларни ташкил этади.
Ҳар бир мижоз ўзининг уй ҳайвонини коинот қаърига учириш жараёнида иштирок этиши мумкин.
Ҳозирга қадар неча киши бу хизматдан фойдаланишни истаётгани ҳақида маълумот берилмаган.
Изоҳ (0)