Россия Федерацияси Молия вазирлиги «Бойқўнғир» космодромини молиялаштиришни 2016 йилдан тўхтатишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 1 август жума куни «Известия» газетаси берган маълумотга таяниб, «РИА Новости» маълум қилди.
«Известия» газетасининг хабар беришича, «Бойқўнғир»ни молиялаштиришнинг тўхтатилиши «Восточний» космодроми қурилиши ва унга маблағ киритилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.
«2016 йил бюджети учун тузилган лойиҳанинг аввалги вариантларида Бойқўнғир таъминоти учун 2,5 миллиард рубль ажратилиши режалаштирилган эди. Бу маблағ маош ва объектларнинг фаолиятини таъминлаш учун сарфланиши керак бўлган», — деди Ерусти космик инфратузилмадан фойдаланиш марказининг бош раҳбари. Унинг аниқлик киритишича, молиялаштиришнинг тўхтатилиши Россиянинг асосий космодромидаги мутахассисларга маош тўланмаслигига олиб келади.
Маълумот учун, «Бойқўнғир» мажмуаси Қозоғистон ҳудудида жойлашган халқаро космик порт ҳисобланиб, 1955 йилда фойдаланишга топширилган. Россия Бойқўнғир шаҳрини космодром билан биргаликда Қозоғистондан 2050 йилгача ижарага олган.
Изоҳ (0)