Тошкентнинг «Локомотив» клуби иккинчи давра олдидан янги футболчиларни ўз сафига қўшиб олди. Шу муносабат билан «Локомотив» бугун, 31 июль куни соат 11:00 да оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказди. Бу ҳақда Stadion.uz хабар берди.
Маросимда клуб раҳбарияти, бош мураббий, шунингдек, янги қабул қилинган футболчилар қатнашиб, улар кенг оммага таништирилди.
«Локомотив» бош мураббийи Вадим Абрамов селексия ишларидан қониққанлигини айтиб, йиғин давомида юқори савиядаги жамоалар билан назорат учрашувлари ўтказилгани ва унда «Локомотив»нинг ижобий натижа кўрсатганини таъкидлаб ўтди.
Қишки йиғинда клубга таклиф этилган уч нафар футболчининг давралар оралиғида жамоани тарк этгани борасидаги саволга жамоа бошлиғи Қобилжон Юнусов «Қишки йиғин пайтида клубимизнинг ўша пайтдаги бош мураббийи Ҳаким Фузайлов уларни жамоага қабул қилганди. Мураббий ўзгарганидан кейин, улар Вадим Абрамовнинг ўйин услубига мос тушмади. Шу боис улар билан шартномани бекор қилишга қарор қилдик», — дея жавоб берди.
Ўзбекистон клублари ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилган ҳолда, ўз футболчисини терма жамоага қўйиб юбормаслиги мумкинми, деган саволга эса, Абрамов мумкин эканлигини айтди: «Масалан, ‘Локомотив’ Австриядаги йиғинларда шунчаки клуб эмас, Ўзбекистон клуби сифатида иштирок этди ва назорат ўйинларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилди. Шу боис, биз терма жамоа манфаатларини ҳурмат қиламиз. Ўз навбатида терма жамоа бош мураббийи ҳам клубнинг манфаатини, унинг муаммоларини тушунади, ҳурмат қилади».
Шунингдек, маросим давомида бош мураббий тарқалаётган баъзи гап-сўзларга ойдинлик киритди: «Гўёки, мен футболчиларга кўрсатма бериб, терма жамоа сафида яхши ўйин кўрсатмасликни таъкидлаётган эканман. Жасур Ҳасанов ёки бошқа футболчи дарвозага тўпни аниқ тепмаса, мен айбдор эканман. Аслида терма жамоага энг кўп фойдасига тегадиган жамоа — «Локомотив». Термага футболчилар, шифокорлар, массажчилар, майдонлар, автобус берамиз, аммо негадир энг кўп эътироз айнан бизга бўлади. Шунисини тушунмайман. Терма жамоага футболчиларимизнинг фойдаси кўпроқ тегиши, улар яхши формада бўлиши учун биз легионерлардан воз кечдик».
Нутқини якунлар экан, Вадим Абрамов «Локомотив»да футболчиларнинг ўйинини ўстириш орқали уларнинг терма жамоага таклиф этилишига эришишни ўз олдига мақсад қилиб қўйганини айтди.
Изоҳ (0)