АҚШнинг Небраска штатида жойлашган Форест Лаwн мозори ҳудудидаги 101 йиллик кичик ибодатхонада қирғиз Жанил Жумадинова Оливер Бонем-Картерга турмушга чиқди. Бу ҳақда Омаҳа газетаси хабар берди.
Одатда, мазкур ибодатхона дафн маросимларида ишлатилади. Жаноза ўқилгач, қабр ертўладаги крематорийга туширилади.
Жанилнинг айтишича, унинг юртида руҳлар борлигига ишонишгани учун ҳам у никоҳ маросимини мозорда ўтказишдан қўрқмаган. Бундан ташқари, куёвнинг бир қанча аждодлари шу мозорга дафн этилган. Унинг сўзларига кўра, бу ерда турмуш қуриш қўрқинчли эмас, негаки никоҳ маросимида бериладиган қасамга ҳам тирик, ҳам вафот этган минглаб инсонлар гувоҳ бўлади.
Оливер, шунингдек, бутун ҳаёти давомида ота-онасининг Англиядаги қишлоқ мозори яқинида жойлашган уйда яшагани учун бундай жойларга ўрганиб қолганини қўшимча қилди.
Маълум бўлишича, Жанил ва Оливер жорий йилнинг бошида кичик никоҳ маросимини ўтказган. Мозордаги никоҳ маросими эса барча қариндош ва дўстлар, хусусан, Қирғизистондан етиб келганлар учун ўтказилди.
Маълумот учун, 100 мингдан зиёд киши дафн этилган мазкур мозор майдони 114 гектарни ташкил этади.
Изоҳ (0)