Миржалол Қосимов Ўзбекистон терма жамоасининг «Навбаҳор»га қарши ўтказган назорат баҳси ҳақида фикр билдирди. Бу ҳақда Championat Asia нашри хабар берди.
Ўйиндан сўнг бош мураббий Миржалол Қосимов қисқача интервью берар экан, журналистлардан бу жамоани миллий терма жамоа деб ёзмасликни сўради.
«Аввало журналистларга бир нарсани айтиб қўйишим керак, бу миллий терма жамоа ҳам, олимпия термаси ҳам эмас, — дея таъкидлади Миржалол Қўшоқович. — Бу Осиё ўйинларида иштирок этадиган жамоадир. 1991 йилда туғилган ва ундан кичик футболчилардан иборат жамоа. Лекин кўп жойларда Ўзбекистон миллий терма жамоаси йиғин ўтказяпти, деб ёзилмоқда».
Бош мураббий учрашувни изоҳлар экан, биринчи бўлимда тўп сурган йигитларнинг ҳам ёмон ҳаракат қилмаганини таъкидлади.
«Фақат биринчи бўлимда ‘Навбаҳор’ ўзининг асосий таркибини қўйгани боис бизга қийин бўлди. Иккинчи таймда таркибни тўлиқ янгиладик. Рақиб сафида ҳам ўзгаришлар бўлди. Шундан сўнг ўйинимиз қовушиб кетди. Лекин жамоа ўйинини янада ўстириш керак. Осиё ўйинларида бизга осон бўлмайди», — деди Миржалол Қосимов.
Эслатиб ўтамиз, 22 июль Тошкентнинг «Жар» ўйингоҳида Ўзбекистон терма жамоаси тўққиз кунлик йиғин доирасида «Навбаҳор»га қарши назорат баҳсини ўтказиб, 5:1 ҳисобида ғалаба қозонган эди.
Изоҳ (0)