Донецкнинг «Шахтёр» футбол клубида тўп сурувчи олти нафар ўйинчи Франциянинг «Лион» жамоасига қарши ўйиндан сўнг, Украинага қайтишдан бош тортди. Бу ҳақда Canal+’нинг расмий твиттерига асосланиб, Stadion.uz хабар берди.
«Шахтёр» футболчилари — бразилиялик Тейшейра, Фред, Дентино, Дуглас Коста, аргентиналик Феррейра ва яна бир шахси маълум қилинмаётган футболчи Украина шарқи, хусусан, Донецкдаги нотинч вазият туфайли у ерга қайтиб боришни хоҳламаяпти.
Ўз навбатида, Харьковнинг «Металлист» футбол клубида тўп сурувчи уч нафар аргентиналик футболчи — Хосе Соса, Алехандро Гомес ва Жонатан Кристалдо ҳам Аргентинада қолишга қарор қилди.
«Ўзимизни бехавотир ҳис қилмайдиган мамлакатда қолишдан маъно йўқ. Биз у ердаги вазият барқарорлашмагунча Аргентинада қоламиз, шартномаларимиз бекор қилинмайди», — деди Гомес.
«Малайзия самолёти билан содир бўлган ҳодиса бизнинг сабр косамизни тўлдирган сўнгги томчи бўлди. Менинг аёлим ва кичик ўғлим бор, мен уларнинг ҳаётини хавф остига қўя олмайман. Мен оилам учун жавобгарман», — дея Гомеснинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Infobae.
Маълумот учун, футбол бўйича Украина чемпионатида ўзбекистонлик ярим ҳимоячи Санжар Турсунов («Ворскла») ва ҳужумчи Максим Шацких («Говерла») тўп суради.
Изоҳ (0)