АҚШнинг Пенсильвания штати ҳукумати хато туфайли ҳарбий комиссариатга 1893—1897 йилларда туғилган 14 минг киши учун чақирув қоғози жўнатди. Америка ОАВларида айтилишича, юборилган қоғозларда ҳарбий рўйхатда турмаган кишилар жарима ва ҳатто қамоқ жазосига маҳкум этилиши таъкидланган. Бу ҳақда ИТАР-ТАССга таяниб, «Новый век» хабар берди.
73 ёшли Чак Хюи ҳарбий рўйхат тузиш хизматига қўнғироқ қилиб, нима учун 1995 йил 100 ёшида вафот этган бобоси — Биринчи жаҳон уруши фахрийси номига чақириқнома келгани билан қизиққан. Шу каби таажжубга бой қўнғироқлар билан мурожаат қилинавергач, хатолик ходимлар томонидан тўғриланди.
Аниқланишича, хатолик ҳарбий рўйхат тузиш хизматига ёрдам берувчи Пенсильвания транспорт бошқармасининг айби билан содир бўлган. Бошқарма ходими компьютерга «1993—1997» рақамлари ўрнига «93—97» рақамларини киритган. Натижада экранда нафақат ХХ аср охири, балки XIX аср охирида ҳам туғилган шахсларнинг исми пайдо бўлган.
Ҳарбий рўйхат тузувчи ходимлар «хизматга чақирилганлар»нинг қариндошларидан узр сўраб, чақириқномаларга эътибор бермасликларини илтимос қилди.
Ҳарбий хизматга чақирилганларнинг энг ёши бу йил 117 га кирган бўларди, дейилади нашрда.
Маълумот учун, АҚШда 18—25 ёшдаги фуқаролар ҳарбий рўйхатдан ўтиши керак. Рўйхатга киритилмаганлар 250 минг доллар миқдоридаги жарима ва беш йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилади.
Изоҳ (0)