Жаҳон чемпионатининг 1/8 финал босқичидан ўрин олган Голландия ҳамда Мексика терма жамоалари ўртасидаги учрашув якунланди. Унда 2:1 ҳисоби қайд этилиб, Голландия термаси ғалаба қозонди. Бу ҳақда Uff.uz хабар берди.
Биринчи бўлимда дарвозалар даҳлсиз қолган бўлса, иккинчи бўлимнинг 3-дақиқасида Жовани Дос Сантос голландларнинг ҳимоя чизиғини доғда қолдириб, дарвозанинг паст бурчагини аниқ нишонга олди – 0:1.
Иккинчи бўлимнинг сўнгги дақиқаларига қадар Очоа ва унинг шериклари голландларнинг ҳужумларини муваффақиятли тўхтатиб келди. Бироқ 88-дақиқага келиб, бурчак зарбасидан сўнг мексикаликларнинг хатосидан унумли фойдаланган Уэйсли Снейдер дарвоза томон кучли зарба билан тўпни тўрга жойлаб қўйди – 1:1.
Иккинчи бўлимга қўшиб берилган 2-дақиқада Арен Роббен ўз жамоаси учун пеналти ишлаб берди. Заҳирадан майдонга тушган Класс Ян Хунтелар 11 метрлик нуқтадан Очоани доғда қолдиришга муваффақ бўлди. Учрашув охирига қадар 2:1 ҳисоби таблода сақланиб қолди.
Демак, Голландия Мексика устидан ғалабага эришди ҳамда 1/4 финал босқичга чиқди.
ЖЧ–2014. 1/8 финал
Голландия – Мексика 2:1 (0:0, 2:1)Голлар: 0:1 – 48 дос Сантос, 1:1 – 88 Снейдер, 2:1 – 90, пеналти Хунтелар.Голландия – Силессен, Верхаг (Депай, 56), де Врей, Влар, Блинд, Н. де Ёнг (Мартинс Инди, 9), Вейналдум, Снейдер, Кюйт, ван Перси (Хунтелар, 76), Роббен.Мексика – Очоа, Маcа, Маркес, Морено (Реес, 46), Агиляр, Салсидо, Лайюн, Эррера, Гуардадо, дос Сантос (Акино, 61), Пералта (Х. Эрнандес, 75).Огоҳлантиришлар: Агиляр (69), Маркес (90), Гуардадо (90).
Изоҳ (0)