Франция президенти Франсуа Олланд ва АҚШ президенти Барак Обама расмий Москвани Украинадаги низони тинчлантириш учун барча чораларни ишга солишга чақирди, дея хабар беради «Кун».
Акс ҳолда, Agence France-Presse ахборот агентлигининг 20 май, жума куни тарқатган хабарига кўра, Россия нисбатан янги санкциялар жорий этилади.
АҚШ ва Франция президентлари ўзаро телефон суҳбатидан сўнг, Россиядан Украина шарқида ҳаракат қилаётган россияпараст жанговар кучларга ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиши мурожаати билан чиқиш қилишни талаб этган.
Бундан ташқари, Обама ва Олланд Украина президенти Пётр Порошенко томонидан эълон қилинган, ўт очишни бир томонлама тўхтатиш тўғрисидаги қарорни ҳам мамнуният билан кутиб олган.
Франция ва АҚШ президентлари россиялик ҳамкасблари — Владимир Путинни «Украинага қурол-яроғ етказиб беришни тўхтатиш ва чегарадаги назоратни кучайтиришга» чақирган.
«Ушбу йўналишда ривожланиш аломатларининг бўлмаслиги Россияга нисбатан янги санкциялар жорий этилишига сабаб бўлади», — дейилади Обама ва Олланднинг қўшма баёнотида.
Ўз навбатида, Европа дипломатияси раҳбари Кетрин Эштон Россияни, Владимир Путиннинг нуфузи ва таъсир доирасидан фойдаланган ҳолда, Порошенконинг тинчлик режасини қўллаб-қувватлаш бўйича «очиқ ва аниқ ҳаракатлар»ни қилишга чақирган.
Буюк Британия ташқи ишлар вазири Уилям Хейг ҳам деярли шундай баёнот билан чиқиш қилиб, Украина шарқидаги ҳаракат қилаётган россияпараст исёнчи кучлардан қуролларни ташлашни талаб қилган.
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти раиси Диде Буркхалтер эса Порошенконинг ўт очишни тўхтатиш борасидаги баёнотини олқишлаб, низолашаётган томонларни сиёсий инқирозни бартараф этиш йўлида ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашга чақирди.
20 июнь, жума куни Украина президенти Пётр Порошенко Донбассга амалга оширган илк ишчи ташрифида мамлакат шарқидаги вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган тинчлик режасини тақдим этди.
Ҳужжат 15 банддан иборат бўлиб, унда — ўт очишни тўхтатиш, ноқонуний қуролли тузилмаларни чиқариб юбориш, россиялик ва украиналик ёлланма ҳарбийларнинг чиқиб кетиши учун кафолатли йўлак ташкил қилиш, қуролсизланиш кабиларни кўзда тутади.
Бундан ташқари, Украина ва Россия чегарасида ўн километрлик буфер зонасини ташкил этиш ҳам режалаштирилмоқда.
Россия президенти маъмурияти эса Порошенконинг режаларани «исёнчиларга қўйилган ултиматум» дея баҳолаб, ҳужжатда ўзини мустақил деб эълон қилган «Донецк халқ республикаси» ва «Луганск халқ республикаси» тарафдорлари билан музокаралар ўтказиш кўзда тутилмаганини қайд этиб ўтди.
Изоҳ (0)