SpaceX хусусий компаниясининг бортида олти телекоммуникация йўлдоши бўлган Falcon 9 ракетаси парвози иккинчи босқич двигательининг ёнилғи бакларидан бирида босим тушиб кетгани сабаб сўнгги лаҳзада бекор қилинди, дея хабар беради «Кун» NBC News маълумотига таяниб.
Ракета Канаверал бурнидаги космодромдан маҳаллий вақт билан жума куни соат 19:01 да парвозни бошлаши керак бўлган вақтда, босим билан боғлиқ муаммони ҳал этиш имкони бўлмаган. Шу муносабат билан парвоз шанбадан кейин амалга оширилиши кутилмоқда.
Falcon 9 орбитага Sierra Nevada ва Boeing томонидан ишлаб чиқилган, ҳар бирининг қиймати 200 миллион долларга тенг бўлган янги авлод Orbcomm алоқа йўлдошларини олиб чиқиши керак.
Олти сунъий йўлдошнинг ҳар бири ҳозирги вақтда орбитада ҳаракатланаётган 25 та Orbcomm сунъий йўлдошларидан-да кўпроқ имкониятларга эга.
Falcon 9 парвози биринчи марта бекор қилинаётгани йўқ. Дастлабки режа бўйича, парвоз май ойида амалга оширилиши керак эди.
Бироқ ўшанда ҳам ракетада, ҳам сунъий йўлдошларда кузатилган техник муаммолар сабаб, парвозни бир неча бор кечиктиришга тўғри келганди.
Қайд этиш жоиз, 2012 йилнинг октябрида SpaceX компанияси битта Orbcomm сунъий йўлдошини орбитага олиб чиқишга муваффақ бўлганди.
Изоҳ (0)