20 июнь, жума куни Ўзбекистоннинг барча олий таълим муассасаларида қабул комиссиялари ўз ишини бошлади. Бу маълумотни, хусусан, Ўзбекистон Миллий университети вакиллари тасдиқлади, деб ёзади «Кун».
Абитуриентлар 20 июль, якшанба кунига қадар соат 9:00 дан 18:00 гача қабул комиссияларига келиб, ўз ҳужжатларини топширишлари мумкин.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг маълум қилишича, абитуриентнинг ҳужжатлари тўпламида таълим йўналиши, ўқитиш тили ва шакли кўрсатилган ҳолдаги ариза; таълим ҳақида ҳужжатнинг асл нусхаси (аттестат, коллеж/лицей дипломи); 086—У шаклдаги тиббий маълумотнома; паспорт нусхаси; 3,5×4,5 ҳажмда (паспортдаги каби) 6 та фотосурат бўлиши керак.
Халқаро ва республика олимпиадалари, танловлар ва мусобақа ғолиблари ўқишга танловсиз кириш ҳуқуқини берувчи ҳужжатнинг асл нусхасини тақдим этишлари керак бўлади. Абитуриент қабул комиссиясига паспорт ва ҳарбий хизматга алоқадорлиги ҳақидаги ҳужжатни шахсан кўрсатади.
Айни вақтда, муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва ҳарбий қисм тавсияномасига эга бўлган абитуриентлар тегишли тавсияномани таълим муассасаси қабул комиссиясига 20 июлгача тақдим этишлари керак, ундан кейин топширилган тавсиянома қабул қилинмайди.
Абитуриент ҳужжатларининг тўлиқлиги текширилгандан сўнг, у веб-камера орқали суратга туширилади ва ҳужжатлар қабул қилинади. Суратга тушириш учун ҳар бир ОТМ қабул комиссиясида алоҳида бурчак ёки хоналар ташкил этилган бўлиб, ушбу сурат абитуриентлар базасига киритилади ва ДТМга юборилади.
Суратга тушмаган абитуриентнинг ҳужжатлари қабул қилинмайди. Абитуриентлар томонидан қайд этилган талаблар бажарилганда уларнинг ҳужжатларини қабул қилиш рад этилмайди ва абитуриентга ҳужжатлари қабул қилинганлиги ҳақида тилхат берилади.
Маълумот учун, ўтган йили – 2013—2014 ўқув йилида бакалавр йўналиши бўйича 56,6 мингдан ортиқ, магистратура йўналиши бўйича 6,3 минг талаба ўқишга қабул қилинган, ўқишга кириш учун эса 480 мингдан ортиқ абитуриент ҳужжат топширганди. Ундан аввалроқ, 2012—2013 йилги ўқув йилида эса 432 мингдан ортиқ абитуриент ўқишга кириш учун ариза топширганди.
Изоҳ (0)