Жорий мавсумда андижонлик ғаллакорлар 80 минг гектардан зиёд майдонда ҳосил етиштирди, дея хабар беради ЎзА.
Вилоятдаги фермер хўжаликлари, мутасадди идора ва ташкилотларнинг асосий диққат-эътибори ана шу ҳосилни қисқа фурсатларда нобуд қилмасдан йиғиштириб олишга қаратилган.
300 дан зиёд юқори унумли комбайн, 1500 га яқин юк автомобиллари ва тиркамалар, 40 плугли трактор ҳамда ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари етказиб берувчи ва техник хизмат кўрсатишга жалб этиладиган 250 дан ортиқ транспорт воситалари мавсумга тахт қилиб қўйилди.
«Мавсумга тайёргарлик жараёнида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, олиб борилаётган тарғибот-тушунтириш ишларининг самарадорлигини ошириш мақсадида панно ва шиорлар тайёрланиб, йўллар четига ўрнатилди», – дейди Андижон вилояти ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси муҳандиси, майор Эркин Жабборов. Шунингдек, 12 хил кўринишдаги эслатма ва плакатлар, мурожаатномалар тайёрланиб, аҳоли кўп йиғиладиган жойларга, шийпонлар, ғаллани қабул қилиш, сақлаш ҳамда қайта ишлаш корхоналарига, ўриш ва ташишда қатнашадиган транспорт воситаларига жойлаштирилди.
«Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компаниясига қарашли 3 донни қайта ишлаш, 14 донни қабул қилиш ва саралаш корхоналарида мавсумга тайёргарлик, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши бўйича мониторинг ўтказилди. Аниқланган камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш чоралари кўрилди.
Изоҳ (0)