2014 йилнинг 22 май — 2 июнь кунлари Япония пойтахти Токио шаҳрида трамполин бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида ўзбекистонлик Амиран Бабаян ўсмирлар Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Қитъанинг етакчи ёш трамполинчилари иштирокида бўлиб ўтган мусобақада Амиран Бабаян яккалик баҳсларда тўртинчи натижани қайд этди. Бу эса унга жорий йилнинг 16—28 август кунлари Нанкин шаҳри (Хитой)да ўтказиладиган ИИўсмирлар ёзги Олимпиадасида қатнашиш ҳуқуқини берди.
Шу тариқа, ўсмирлар Олимпия ўйинларига йўлланма олган спортчиларимиз сони 27 нафарга етди. Жумладан, бадиий гимнастика спорт турида – еттита, оғир атлетика ва боксда – учтадан, академик эшкак эшиш, ўқ отиш, спорт гимнастикаси ва юнон-рум курашида – иккитадан, таэквондо, дзюдо, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, стол тенниси, трамполин ҳамда аёллар курашида биттадан йўлланма қўлга киритилган.
Бугунги кунга келиб «Нанкин—2014» ўйинларига Тошкент шаҳридан олти нафар, Бухоро вилоятидан тўрт нафар, Тошкент вилоятидан уч нафар, Фарғона ва Сирдарё вилоятларидан икки нафардан, Сурхондарё, Навоий, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидан бир нафардан спортчи эга бўлган.
Оғир атлетика ва спорт гимнастикаси турларида ўсмирлар Олимпиадасига борадиган спортчилар номи ҳали эълон қилинмаган.
Изоҳ (0)