21—30 май кунлари «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси тизимидаги корхоналарнинг ҳайдовчилари иштирокида учта йўл-транспорт ҳодисаси содир этилди. Бу ҳақда «Пойтахт транспорти» газетасига таяниб «Кун» хабар бермоқда.
22 май, пайшанба куни тахминан соат 14:00 да «3-автобус саройи» ҳайдовчиси Mercedes-Benz Conecto Low Floor русумли, сарой рақами 209-бўлган автобусини 82-йўналишда Келес йўли кўчаси бўйлаб бошқариб бораётиб, «Премиум» кафеси қаршисидаги бекатда тўхтаб турганида мотороллер автобус орқасидан келиб урилган. Натижада мотороллер ҳайдовчиси тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.
22 май, пайшанба куни соат 14:15 да «4-автобус саройи» ҳайдовчиси Mercedes-Benz Conecto Low Floor русумли, сарой рақами 353-бўлган автобусни 57-йўналишда Афросиёб кўчаси бўйлаб Шароф Рашидов кўчаси томонга бошқариб бораётиб, чорраҳадан ўтаётганида ҳайдовчининг тўсатдан саломатлиги ёмонлашиб, хушидан кетиши натижасида бошқарувни йўқотган. Шундан сўнг автобус тўғри йўналиш бўйича ҳаракатланиб, Ўзбекистон ИИВ ҳудудини ўраб турган панжарага келиб урилган. Натижада автобус ҳайдовчиси ва йўловчилари тан жароҳатлари олиб, уларга шифохонада тиббий ёрдам кўрсатилган.
22 май, пайшанба куни соат 16:30 да «7-автокорхона» ҳайдовчиси Isuzu русумли, сарой рақами 446-бўлган автобусни Кичик ҳалқа йўли бўйлаб бошқариб бораётиб, Бунёдкор кўчаси билан кесишган чорраҳада пиёдани уриб юборган. Натижада пиёда тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.
Компания тизимидаги корхоналар ҳайдовчилари томонидан ҳафта давомида 61 маротаба йўл ҳаракати қоидалари бузилишига йўл қўйилган. Жумладан, битта ишдан кейин транспорт воситасини белгиланмаган жойда сақлаш, бешта йўл белгилари ва чизиқларига риоя қилмаслик ҳолати, бешта тезликни ме’ёридан ошириш ҳолати, бешта қўл телефонидан фойдаланиш ҳолати, иккита одам ташиш қоидасини бузиш, 22 та пиёдалар ўтиш жойидан юриш, учта қизил чироқда ҳаракатланиш ва 18 та бошқа қоидабузарлик содир этилган.
Изоҳ (0)