«Самарқандшаҳаргаз» филиалининг «Боғишамол» ҳудудий фойдаланиш бўлими бошлиғи Ибрагим Амиров ходимлардан ишда қолдириш эвазига ҳар бир кишидан 50 АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилгани учун озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда «Ҳуқуқ» газетаси хабар берди.
Хабарда айтилишича, Ибрагим Амиров бўлим назоратчилари Амин Вафоев ва Бўрибой Қаршиевларни ҳузурига чақирган ва уларнинг ишидан камчилик топиб, ишдан бўшатиш билан қўрқитган. «Ишда қоламан десангиз, ҳар бирингиз шу бугуноқ менга 50 доллардан берасизлар», — деб талаб қилган Ибрагим Амиров. Назоратчилар уларда бунча пул йўғлигини айтиб, хонадан чиқиб кетган.
Ниятига етиша олмаган Ибрагим Амиров бўлим назоратчилари Зокир Ҳайитов ва Илҳом Ҳамраевларга ҳам худди шундай пўписа қилади. Ишсиз қолишдан қўрққан ходимлар 100 АҚШ доллари топиб, шу куни И. Амировга беради.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни лэгаллаштиришга қарши курашиш (СВОЖЖДЛҚК) департаментининг Самарқанд вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи Ислом Шеровнинг маълум қилишича, бошлиқнинг тамагирлигига чидай олмаган бошқа ходимлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга арз қилган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилгач, Ибрагим Амиров қилмишидан пушаймон бўлиб, айбини тан олган. Суд ҳукми билан Амиров икки йил муддатга масъул мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан ва уч йилу олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Изоҳ (0)