2014 йил 26—31 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг сайловчилар билан учрашувлари бўлиб ўтади. Шу муносабат билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ташкил этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти хабар берди.
Брифингда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузурида аккредитация қилинган оммавий ахборот воситалари вакиллари, «Парламент журналистлар клуби»нинг аъзолари иштирок этди.
Йиғилишда депутатларнинг сайловчилар билан учрашувларида кўриладиган масалалар, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ҳаётини янада яхшилаш ва қонунчиликни такомиллаштириш борасида депутатлик гуруҳларининг сайлов округларидаги фаолиятини ОАВда ёритиш ва мазкур жараёнларнинг холислиги, ошкоралигини таъминлашда журналистлар билан ҳамкорлик ҳамда учрашувлардан кутилаётган натижалар бўйича ҳар бир фракциядан биттадан вакил журналистларга амалга ошириладиган тадбирлар ҳақида ахборот берди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг сайловчилар билан учрашувларидаги мулоқотлар жараёнида сайловчиларга парламент фаолияти, қонун ижодкорлиги ва қабул қилинаётган ҳуқуқий-ме’ёрий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, муҳокама этилаётган янги қонун лойиҳалари хусусида батафсил маълумотлар берилади.
Фракциялар вакилларининг таъкидлашича, сайлов округларида депутатлар билан бир қаторда ҳудудий оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам иштирок этиб, жараёнларни холислик ва ҳаққонийлик тамойилига асосланган ҳолда кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этиб боради. Ушбу йўналишда сиёсий партияларнинг матбуот ва интернет нашрларида эса сайловчилар билан учрашувлар ҳақидаги эълонлар чоп этилади.
Шунингдек, брифингда интернет тармоғида сайловчилар билан учрашувнинг он-лайн хизмати йўлга қўйилганлиги, хусусан, Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайтида эса «Сайловчилар билан учрашув», «Он-лайн қабулхона» каби интерактив мулоқот усулларининг амалга оширилаётганлиги эътироф этилди. Айни кунда Ахборот хизмати ва фракциялар ҳамкорлигида сайловчилар билан учрашувларни ОАВда ёритиш бўйича медиа-режа ишлаб чиқилмоқда.
Изоҳ (0)