2014 йилнинг ўтган даври мобайнида Ўзбекистон Республикаси божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 171 та қонунбузарлик ҳолатида 758 миллион сўмдан ортиқ эквивалентдаги нақд хорижий валюталарнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Пресс-релизда маълум қилинишича, Тошкент—Уфа йўналишида йўлга чиққан поезд йўловчилари «Келес» темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан божхона кўригидан ўтказилганда, йўловчилардан бири, фуқаро Р. Фархутдинованинг қўл юклари орасида 17710 АҚШ доллари яширинча олиб кетилаётгани фош қилинган.
«Дўстлик» чегара-божхона комплексида эса қўшни давлатга 10 минг АҚШ долларини чарм курткасига яширганча олиб чиқишга уринган М. Мамажонов андижонлик божхоначилар томонидан қўлга олинган.
Бангкокка учиб кетмоқчи бўлган чет эл фуқароси Н. Козлова Тошкент халқаро аэропортида 5200 АҚШ долларини кийимларига яшириб олиб чиқишга уринган пайтда тўхтатилган.
Шунингдек, «Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан Тошкент—Новосибирск авиарейси йўловчиларидан бири, россиялик Н. Гилмутнинг ҳам қинғир қилмишларига нуқта қўйди. Божхона баённомасида 1800 АҚШ долларини олиб чиқиб кетаётганлигини қайд қилган бу аёл қўл сумкасига яширилган 6710 АҚШ доллари ҳақида баённомада ҳам, божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида ҳам маълум қилишни «унутиб» қўйган.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасида резидентларга 2000 АҚШ доллари эквивалентидаги, норезидентларга эса божхонага тақдим этилган декларацияга мувофиқ республикага келтирилган валюта миқдоридаги нақд хорижий валютани божхона баённомасида ёзма қайд этиш шарти билан эркин олиб чиқиб кетишга рухсат берилади.
Кўрсатилган миқдордан ортиқча нақд хорижий валютани олиб кетишга Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ёки хорижий валюта билан операцияларни ўтказишга асосий лицензияси бўлган ваколатли банкларнинг рухсати билан йўл қўйилади.
Изоҳ (0)