«Ўзбеккино» Миллий агентлиги қошидаги Ёшлар ижодий тажриба 5-студияси «Соғлом бола йили» Давлат дастурига киритилган «Зумраша» ҳажвий болалар киножурналини ишлаб чиқаришга киришди. Бу ҳақда агентлик сайти хабар берди.
Ёшлар ижодий тажриба 5-студияси директори Иззатилла Саиджабборовнинг маълум қилишича, Давлат дастурида бир йилда ҳар бири 4 та эпизоддан иборат 15 дақиқалик 12 та «Зумраша» болалар юмористик киножурнали ишлаб чиқарилади.
— Ушбу киножурнал Давлат дастурида кўрсатилган вазифаларни бажариш билан бирга, ёш киноижодкорлар учун ўзига хос тажриба мактаби вазифасини ҳам ўтайди. 12 тўпламли киножурнални тасвирга олиш учун 48 та ижодкорлар гуруҳи (сценаристлар, режиссёрлар, операторлар ва бошқалар) керак бўлади. Бу 100 га яқин ёш киноижодкор учун синов бўлиб хизмат қилади. Ушбу ижодий жараёнга таниқли актёр, Ўзбекистон халқ артисти Хайрулла Саъдиев раҳбарлик қилмоқда, — дейди И. Саиджабборов.
Айни пайтда киножурналнинг илк тўплами суратга олинди ва у яқин кунларда катта экранга чиқади.
Ишлаб чиқарилаётган «Зумраша» киножурнали қисмлари республика кинотеатрларида фильмлар намойишидан олдин, шунингдек, миллий ва маҳаллий телеканаллар орқали намойиш этилади.
Эслатиб ўтамиз, «Зумраша» болалар ҳажвий киножурналининг 12 қисмини суратга олиш учун 820 млн 400 минг сўм маблағ ажратилган.
Изоҳ (0)