Қозоғистоннинг Жамбил вилояти кенгаши депутати Мейрамбек Доненбаев нон нархини 500 тенгега (26 апрелдаги курс бўйича 14 минг сўмдан зиёд) оширишни таклиф қилди. Бу ҳақда Jambylinfo.kz хабар берди.
Депутатга кўра, ҳозир нон нархи жуда паст ва аҳоли бу маҳсулотни қадрламаяпти. У одамлар нонни тез-тез ташлаб юборишидан шикоят қилди. Доненбаев қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархининг ошиши маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашини айтди.
“Тўғрисини айтсам, нон нархи жуда арзон. Ўзим қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчисиман. Мен эккан буғдой ҳозир 100 тенгедан (салкам 3 минг сўм) кам туради. Шунинг учун ноннинг нархи камида 500 тенге бўлиши керак. Шу йўл билан қишлоқларда фаровонликни юксалтиришга эришамиз. Одамлар уни сотиб олишга қодир. Чунки одатда нон чиқиндихоналарда ётади. Колбаса ва гўшт маҳсулотлари эмас, сабаби улар қиммат”, — деди Мейрамбек Доненбаев.
Депутатнинг ҳамкасблари унинг фикрга қарши чиқди. Маслиҳат депутати Бахитжон Калимбетовга кўра, дотация қилинадиган ҳудудда ноннинг ҳозирги нархи 120 тенге (салкам 3,500 сўм) бўлиши ҳам аҳоли чўнтагига оғирлик қилмоқда. Халқ вакили Жумахон Танкебаев ҳам нон нархи ошишига қарши.
“Нон нархини 500 тенгега кўтариш ҳаддан зиёд юқори. Бу оддий халқ учун оғирлик қилади. Айниқса, 5-6 болали оилалар учун. Бу уларнинг чўнтагига катта юк бўлади”, — деди депутат Танкебаев.
Изоҳ (0)