АҚШ Давлат департаменти 22 апрель куни эълон қилган йиллик ҳисоботида “Толибон” ҳокимияти тан олинмаслигини яна бир бор маълум қилди. Бу ҳақда Давлат департаментининг расмий саҳифасига жойлаштирилган ҳужжатда айтилади.
Ҳисоботда айтилишича, Қўшма Штатлар ҳалигача “Толибон” ёки бошқа бир ташкилотни “Афғонистон ҳукумати” деб тан олиш тўғрисида бир қарорга келмаган. “Толибон” томонидан Афғонистон қонунларига ва бу давлатнинг халқаро конвенциялардаги мажбуриятларига зид бўлган буйруқлар чиқарилиши АҚШнинг бу борадаги фикри салбий бўлиб қолишига олиб келган.
Ушбу ҳисоботда, шунингдек, қотиллик, оғир жисмоний зўравонлик, аёлларнинг ҳаётига таҳдид солувчи шароитлар, ноҳақ ҳибсга олиш ва ўғирлаш, ғойиб бўлиш, шахсий ҳаётга ўзбошимчалик билан ёки ноқонуний аралашув ҳамда маҳбуслардан бирининг эҳтимолий ҳуқуқбузарлиги учун оила аъзоларини жазолаш ҳолатлари инсон ҳуқуқларининг бузилиши сифатида қаттиқ қораланган. Коррупциянинг мавжудлиги, ички ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларига қаттиқ чекловлар қўйилиши, гендер асосидаги зўравонлик, жумладан, оилавий зўравонлик, мажбурий никоҳ ва зўравонликнинг бошқа шакллари Афғонистоннинг энг жиддий муаммолари сифатида айтиб ўтилган.
АҚШ Давлат департаментига кўра, Афғонистонда “Толибон” ҳукмронлиги остида ҳазоралар, сикхлар, ҳиндулар, шиалар, салафийлар, аҳмадийлар каби этник ва диний озчилик гуруҳларга нисбатан зўравонлик ва таҳдидлар мавжуд. “Толибон” ҳукмронлиги остидаги Афғонистонда қонун устуворлигига кўп эътибор берилмаслиги ва инсон ҳуқуқларини поймол қилганлар кўпинча жазодан ҳимояланган.
Манбада айтилишича, “Толибон” ва ИШИДнинг Хуросон бўлими ўтган йил давомида ҳатто 12 ёшгача бўлган болаларни ҳам ўз сафига жалб қилган. Уларни ҳарбий мафкура асосида тарбиялаш мақсад қилинган
Бундан ташқари, “Толибон” ҳукмронлиги остидаги қуролли гуруҳлар хориж фуқаролари, нодавлат ташкилотлари тиббиёт ходимлари ва тинч аҳолига таҳдид солиши, қийноққа солиши ва ўғирлаши айтилган.
“Толибон” ҳаракати матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид АҚШ Давлат департаментининг Афғонистонда инсон ҳуқуқлари поймол этилаётгани ҳақидаги ҳисоботига жавобан, Афғонистон халқи тўлиқ мусулмон эканлиги ва уларнинг ҳуқуқлари Ислом шариати асосида белгилангани ҳамда кафолатланганини айтган.
Забиҳуллоҳ Мужоҳидга кўра, Америка ва бошқа ғарб мамлакатларида белгиланган маданият ва инсон ҳуқуқлари Афғонистондан фарқ қилади ва ғарбликлар ўз маданиятини бошқа давлатларга юкламаслиги керак.
Изоҳ (0)