Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз фуқароларига агар зарурат бўлмаса, Россияга саёҳат қилмасликни тавсия қилди. Тегишли баёнот 27 апрель куни вазирликнинг расмий сайтида эълон қилинди.
26 апрель куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги сайтида вазирликда Россия элчиси Сергей Григорев билан учрашув ўтказилгани ҳақида хабар эълон қилинган эди. Унда айтилишича, томонлар сўнгги бир неча ҳафта ичида Тожикистон фуқаролари Россия давлат чегарасини кесиб ўтишда дуч келган қийинчиликларни муҳокама қилган.
Тожикистон томони тожик фуқароларининг Россияга киришини асоссиз рад этиш ҳолатлари кенг тарқалиб кетганидан хавотир билдирган.
Москва вилоятида жойлашган Crocus City Hall концерт залидаги терактдан сўнг Тожикистон Меҳнат вазирлиги Россиядан “кундалик даражада” таъқибга учраган меҳнат муҳожирларининг чиқиб кетишини қайд этган. Тожикистондан келган муҳожирлар айбланган терактдан сўнг Россия шаҳарларида хорижликларга қарши оммавий текширувлар ўтказила бошланди.
Аввалроқ Москванинг Басманний суди Crocus’даги теракт бўйича ўн иккинчи гумонланувчини 22 майгача ҳибсга олди. 21 ёшли Тожикистон фуқароси Жумахон Қурбонов теракт содир этган шахсларни тўловлар ва алоқа воситаларини тўлаш учун пул билан таъминлаганликда гумон қилинмоқда. “РИА Новости” судга таяниб, Қурбонов Россияда норасмий ишлаган ва ўз ватанида рўйхатга олинганини ёзган. Москвада у ётоқхонада яшаган.
Изоҳ (0)