Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси кўмагида NEU Professionals рекрутинг агентлиги, Қироллик ҳамширалик коллежи, Ковентри университети ва “Мутахассис тил курслари” маркази вакилларидан иборат делегациянинг Ўзбекистонга амалий сафари ташкил этилди. Бу ҳақда “Дунё” агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, сафар давомида Британия томони Ўзбекистон Камбағалликни қисқартириш ва бандлик, Олий таълим фан ва инновациялар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Тошкент тиббиёт академияси ва Самарқанд шаҳридаги Меdicon университетида учрашувлар ўтказган.
Олиб борилган музокаралар натижасида, ўзбекистонлик 10 мингдан ортиқ тиббиёт соҳаси вакилларини чет тилларига ўқитиш орқали Буюк Британиядаги нуфузли шифохоналарга ишга қабул қилиш ҳамда 3 минг доллар миқдорида ойлик маош тўлаш бўйича келишувга эришилган. Шунингдек, NEU Professionals рекрутинг агентлиги вакиллари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида иш берувчи талаби, ушбу юртда ишлаш тартиби батафсил тушунтирилган.
Британия томони ўзбекистонлик тиббиёт соҳаси вакиллари, жумладан, ҳамширалар ўрта тиббий ходим сифатида фаолият юритиш билан чекланиб қолмаслиги, балки қобилияти, интилиши, тажрибаси ва тил билишидан келиб чиқиб, вазифаси нуқтаи назаридан ўсиш имконига эга бўлишини таъкидлагани.
NEU Professionals рекрутинг агентлиги 2013 йил чет эллик тиббиёт мутахассисларини Буюк Британиянинг Оксфорд университети шифохонаси ва бошқа тиббиёт муассасалари учун ёллашга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган. Компания хориждан тиббиёт мутахассисларини Англия ва Уэлсга етказиб бериш билан шуғулланмоқда.
Бундан олдин Буюк Британияда хориждан юқори малакали шифокорлар ва ҳамшираларни иш билан таъминлашга ихтисослашган Triple West Medical рекрутинг компанияси директори Гурол Махмут билан учрашув ўтказилган эди.
Изоҳ (0)