Қозоғистонда депутат Азат Перуашев мамлакатнинг ўз криптобанкини ташкил этишни таклиф қилди. Бу ҳақда Tengrinews хабар берди.

Депутат бош вазир номига юборган сўровида президентнинг “рақамли активлар соҳасини либераллаштириш бўйича шошилинч чоралар кўриш зарурлиги” тўғрисидаги топшириғини эслатди.
Перуашев сўнгги йилларда криптовалюта глобал молия тизимининг ажралмас қисмига айланганини айтди. У тобора кўпроқ қозоғистонликлар рақамли валюталарга қизиқиш билдираётгани, уларга инвестиция воситаси сифатида қараётганини таъкидлади.
Аммо мамлакатда бундай активлардан қонуний фойдаланиш учун ҳуқуқий инфратузилма йўқ. Бунинг ўрнига криптовалюталар айланишига тақиқ қўйилмоқда, бу эса крипто бозорининг давлат томонидан тартибга солинмаслигига, рақамли капиталларни ноқонуний айлантириш ва яширин иқтисодиёт учун фойдаланишга олиб келади. Баъзи маълумотларга кўра, Қозоғистонда криптовалюталар билан операцияларнинг 90 фоизи қонун доирасидан ташқарида амалга оширилади, деди Перуашев.
Унга кўра, криптовалютадан фойдаланишга қўйилган тақиқ яширин бозорнинг ўсишига, ноқонуний айирбошлаш ва кулранг схемаларнинг пайдо бўлишига, солиқ тўлашдан бўйин товлашга ва ноқонуний фаолиятни молиялаштиришга олиб келган.
Бундан ташқари, Перуашев қозоғистонликлар криптофурушлар, ноқонуний платформалар, молиявий пирамидалар ва фирибгарлик лойиҳалари туфайли катта маблағ йўқотаётганини айтди. Миллиардлаб криптовалюталар ноқонуний равишда чет элга олиб чиқиб кетилмоқда ва давлат бу операцияларни назорат қилмайди.
Президент топшириғини инобатга олган ҳолда, соҳани самарали тартибга солиш воситаси сифатида криптобанк ташкил этиш мумкин. Бу муассаса рақамли активларни қонуний доирада назорат қилиш, айирбошлаш ва сақлаш вазифаларини ўз зиммасига олади. Бундай институтлар ривожланган иқтисодиётларда тараққий топган. У ерларда рақамли активлар қонуний муомалада иштирок этади ва технологик жиҳатдан илғор финтеч соҳасининг муҳим қисмини ташкил қилади, дея таъкидлади депутат.

Перуашевнинг фикрича, бундай институтнинг пайдо бўлиши Қозоғистоннинг ушбу воситаларни муваффақиятли ўзлаштираётган қўшни давлатлар фонида етакчилик позициясини мустаҳкамлаши мумкин.
Бу мамлакатимизнинг рақамли молиявий технологияларнинг минтақавий маркази сифатидаги ўрнини мустаҳкамлайди, рақамли активларнинг ноқонуний айланмасини камайтиради ва солиқ тушумларини оширишга хизмат қилади, дея таъкидлади мажлис аъзоси.
Шунингдек, депутат Екатерина Смишляева ҳам бош вазирга шундай сўров билан мурожаат қилди. У Қозоғистонда рақамли активларни тартибга солиш тизимини қайта кўриб чиқишни таклиф этди. Ушбу соҳани ривожлантириш инновацион иқтисодиётнинг муҳим таркибий қисми эканини айтди.
Давлатимиз раҳбари рақамли активлар айланмасини легаллаштириш, криптобиржалар ишини тартибга солиш, рақамли майнинг соҳасига инвестициялар жалб қилиш муҳимлигини таъкидлади. Ҳуқуқий базани яратиш йўлидаги биринчи қадам “Рақамли активлар тўғрисида”ги қонун бўлди. У дастлабки босқичда муҳим рол ўйнади, аммо қабул қилинганидан бери бозор сезиларли даражада ўзгарди. Регулятор ва иштирокчилар саноатнинг табиати ва динамикасини чуқурроқ тушуниш имкониятига эга бўлдилар. Бугун кейинги босқичга ўтиш талаб этилади, деди у.
Қирғизистонда криптобанк очилади
Январь ойида “Криптобанкларни ташкил этиш тўғриси”даги қонун лойиҳаси Жогорку Кенешга келиб тушган. Ташаббускорнинг сўзларига кўра, ҳужжат “Қирғизистонда тадбиркорлик фаолияти сифатида лицензия асосида виртуал активлар билан боғлиқ бир ёки бир нечта турдаги банк хизматларини кўрсатадиган криптобанкларни жорий этиш мақсадида” ишлаб чиқилган. Иқтисодиёт вазирлиги жисмоний ва юридик шахслар ўртасида криптовалюталарга қизиқиш ошганини маълум қилган.
Изоҳ (0)