Фарғона вилояти Учкўприк туманида поезд вагонлари устида селфи тушмоқчи бўлган икки синфдошни ток урди. Бу ҳақда “Замон” дастурида хабар берилди.
Маълум қилинишича, вилоят Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармасига 17 сентябрь куни 13:00 ларда бу ҳақда хабар берилган. Хабарга асосан тергов тезкор гуруҳи воқеа жойига етиб борган.
Аниқланишича, Бувайда туманига қарашли 1-сонли мактабнинг 2 нафар 10-синф ва 1 нафар 8-синф ўқувчилари Учкўприк туманидаги темир йўл бекатига келган. Темир йўл изларини белгиланмаган жойидан кесиб ўтиб, тақиқланган ҳудудга кирган.
Улар бекатда турган буғдой ташувчи вагоннинг устига чиқиб, селфи тушмоқчи бўлган вақтларида эҳтиётсизлиги оқибатида икки нафар ўсмирни юқори кучланишли электр токи урган. Турли даражада тан жароҳатлари олган болалар тез тиббий ёрдам машинасида шифохонага юборилган.
Биринчи бемор болалар жонлантириш бўлимига ўтказилган. Унинг танаси 63 фоиз куйган. Иккинчи беморга тананинг термик куйиш ва ўнг сон суяги синиши ташхиси билан ёрдам кўрсатилган.
Бундан аввал Тошкентда поезд вагони устига чиқиб, расмга тушмоқчи бўлган 18 ёшли йигитни 27 минг волтли ток ургани ҳақида хабар берилганди. Йигит танасининг 98 фоизи ток уриши натижасида куйган.
Изоҳ (0)