Чорвоқдаги Sea Breeze Uzbekistan лойиҳаси жамиятда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Айримлар бу лойиҳа экологияга зарар етказиши, фуқароларнинг манфаатларига зид бўлиши ёки бюджет учун юк бўлишидан хавотирда. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги асосий саволларни таҳлил қилиб, халқаро тажриба асосида бунга жавоб берди. Қуйида у тўлиқ ҳавола этилди.

Нега айнан Sea Breeze?
Чорвоқ — туризмнинг дурдонасидир. Шу боис бу ерда лойиҳани шошиб қуриб ташлаш эмас, балки юқори даражада, яъни мактаблар, шифохоналар, оқова-сув тизимлари, боғлар барпо қилиб, кўплаб янги иш ўринлари ташкил қилиб амалга ошира оладиган кучли инвестор керак эди. Agalarov Development компанияси 5 миллиард АҚШ доллари миқдорида инвестиция, ижтимоий инфратузилма объектлар қурилиши, экологик ечимлар ва лойиҳани давлат назорати остида босқичма-босқич амалга оширишни таклиф қилди.
Нега лойиҳа битта инвесторга ишониб топширилди?
Битта девелопер — бу ягона архитектура, йирик канализация тизими, автомобиль йўллари, кўкаламзорлаштириш тизимлари ва масъулият дегани. Агар ер бир нечта қурувчиларга бўлиб берилганида, зиддият, тартибсизлик ва назоратнинг имконсизлиги юзага келган бўларди.
Мисол: Саудия Арабистонидаги The Red Sea Project ҳам экология ва ягона ёндашувни сақлаб қолиш мақсадида ягона девелоперга топширилган.
Лойиҳа қайси манбалар ҳисобидан амалга оширилади? Қарздорлик юзага келмайдими?
Лойиҳа тўлиқ хусусий маблағлар асосида амалга оширилмоқда. Давлат бюджетидан маблағ сарфланмайди. Барча молиявий хатарлар инвестор зиммасида. Кредитлар тижорат асосида олинади, давлат қарзининг ортиши ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.
Шу билан бирга, давлат лойиҳанинг барча босқичларида — экологик меъёрларга амал қилинишидан тортиб, молиявий шаффофлик ва ижтимоий самарагача қаттиқ назоратни сақлаб қолади.
Мисол: Грециядаги Sani Resort айнан шу тартибда қурилган — бюджетдан бир тийин ҳам сарфланмаган, лекин мамлакат иқтисодиёти учун катта фойда келтирган.
Инвесторда тажриба борми?
Ҳа. Озарбайжондаги Sea Breeze — бу дунё даражасидаги курорт бўлиб, меҳмонхоналар, концерт майдончалари, ресторанлар ва ободонлаштирилган ҳудудларни ўз ичига олади. Шунингдек, Москва ва Москва вилоятида ҳам йирик лойиҳалар амалга оширилган.
Мисол: Kerzner компанияси Дубайдаги Atlantis лойиҳасини муваффақиятли қуриб, кейинчалик Хитойда ҳам шунга ўхшаш лойиҳа амалга оширган.

Нега ижаранинг қиймати атиги 17 млрд сўм?
Ижара тўлови инвестицияларни рағбатлантириш мақсадида рамзий даражагача камайтирилган. Бунинг эвазига инвестор 240 миллион доллар миқдорида инфратузилма тўлови тўлайди — бу ер ижарасининг бозор қийматидан анча юқори. Мазкур тўлов Тошкент вилоятида биринчи марта жорий қилинмоқда. Бу маблағлар канализация, йўллар, кўприклар ва тозалаш иншоотларини қуришга йўналтирилади. Ортиб қоладиган 100 миллион доллар ҳудуд инфратузилмасининг кейинги ривожланиш ва модернизацияга сарфланади.
Мисол: Мексика ва Вьетнамда хорижий сармояни жалб қилиш ва ривожланишни жадаллаштириш мақсадида йирик инвестиция лойиҳаларининг ижараси нол қийматида берилган.
Ерларни қайта сотиш мумкинми? Бу спекуляция эмасми?
Йўқ. Ер давлат тасарруфида қолади. Қайта ижарага бериш фақат лойиҳа концепциясига мувофиқ қурилишни амалга ошириш учун қўлланилиши мумкин. Масалан, халқаро меҳмонхоналар ва бошқа объектларни қуришда. Шартлар бузилган тақдирда — шартнома бекор қилинади, ер давлатга қайтарилади.
Мисол: БААдаги Saadiyat Island ҳудудида айнан шундай шартлар амал қилади: давлатнинг назорати остида, аниқ бош режа асосида ва фақат лойиҳа доирасида фойдаланиш учун ижарага топшириш ҳуқуқи берилган.
Нега объектларни бир вақтнинг ўзида лойиҳалаштирган ҳолда қурилишга рухсат берилди?
Қонунчиликда айрим ҳолларда ҳукумат томонидан параллел лойиҳалашга рухсат берилиши кўзда тутилган. Қарор ҳукумат томонидан қатъий назорат шарти билан қабул қилинган. Бунда лойиҳани Бош прокуратура назорат қилади, бош вазир ўринбосари раислигида идоралараро гуруҳ ташкил этилади.
Мисол: Сингапурдаги Marina Bay Sands лойиҳаси ҳам вақтни йўқотмаслик мақсадида шу принцип асосида — босқичма-босқич, лойиҳани қуриш жараёнида такомиллаштириб бориш йўли билан, лекин қатъий назорат остида амалга оширилган.
Экология масалалари қандай ҳал этилади?
Чорвоққа оқова сувларини оқизиш қатъий тақиқланади. Инвестор ўз ҳисобидан канализация тизимини қуради. Ҳудуднинг канализация тизими Чирчиқдаги тозалаш иншоотларига уланади. Бу тизим яқин атрофдаги ҳудудлар учун ҳам инфратузилма имкониятларини сезиларли даражада яхшилайди. Шунингдек, кўчатлар экилади, энергия тежамкор технологиялар жорий қилинади, экологик назорат ҳар бир босқичда олиб борилади.
Мисол: Альбанияда шунга ўхшаш лойиҳа нафақат зарар етказмаган, балки ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилаган.

Нега йўллар ва коммуникацияларни давлат қурмоқда?
Умумий фойдаланишдаги инфратузилма объектлари — кўприклар, йўллар — одатда давлат ҳисобидан қурилади, чунки улардан нафақат туристлар, балки маҳаллий аҳоли ҳам фойдаланади. Муҳими ушбу харажатлар инвестор томонидан тўланадиган 240 миллион долларлик инфратузилма тўлови ҳисобидан қопланади.
Мисол: Дубай Expo ёки Саудия Арабистонидаги NEOM лойиҳалари ҳам шундай қурилган — инфратузилма давлат томонидан, йирик объектлар эса хусусий капитал томонидан молиялаштирилган.
Жамият қандай манфаат кўради?
- Минглаб янги иш ўринлари яратилади;
- Таълим ва тиббиёт муассасалари ва йўллар барпо этилади;
- Туристлар ва валюта оқими сезиларли ошади;
- Бюджет ва солиқ тушумлари ошади;
- Экология, кўкаламзорлаштириш ва кўпдан бери кутилган Чорвоқ ҳудуди учун зарур сув-оқова тизими қурилади.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги департаменти бошлиғи ўринбосари Музаффар Раҳимжонов берган хулосага кўра, Sea Breeze Uzbekistan лойиҳаси бюджетдан маблағ талаб қилмайди, ҳудуд учун янги ўсиш имкониятлари яратади, халқаро ёндашув ва давлат назорати остида амалга оширилади, экологик ва шаҳарсозлик нормаларига қатъий амал қилинади.
“Бу Чорвоқни энг яхши жаҳон курортлари тажрибаси асосида меҳнат қилиш ва яшаш маркази, шунингдек, умум мавсумий халқаро туризм комплексига айлантирилади”, дейилади хулосада.
Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳам Sea Breeze курорт мажмуаси қурилишига доир расмий баёнот билан чиққанди. Унда сайёҳлар оқими ўсиб бораётгани, мавжуд меҳмонхона ва дам олиш масканлари етарли эмаслиги эса қатор ноқулайликларга сабаб бўлаётгани билдирилганди. Ҳокимлик лойиҳа амалга оширилишининг барча босқичлари экология, қурилиш, кадастр ва санитария соҳалари бўйича вилоят тузилмалари томонидан тизимли назоратга олиниши таъминланишини маълум қилди.
Изоҳ (0)