Европа раҳбарлари АҚШ ва Россия президентлари Дональд Трамп ҳамда Владимир Путиннинг Аляскадаги музокаралари якунларига бағишланган қўшма баёнот тайёрлади. Бу ҳақда Польша бош вазири Дональд Туск Х ижтимоий тармоғида маълум қилган.

“Европа раҳбарлари АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида Аляскадаги учрашув натижаларини муҳокама қилишни якунладилар. Биз Франция, Германия, Буюк Британия ва Италия раҳбарлари билан бирга Украина президенти Владимир Зеленскийнинг фикрини ҳам тингладик ва қўшма баёнот тайёрладик”, дея ёзди у.
Бироқ Туск қўшма баёнотда нима дейилгани ҳақида аниқлик киритмаган.
15 август куни Анкориждаги Элмендорф-Ричардсон ҳарбий базасида Трамп ва Россия Федерацияси президенти Владимир Путин ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Учрашувнинг асосий мавзуси Россия—Украина можаросини тугатиш масаласи бўлди. Вазирлар иштирокидаги “уч-учга” форматидаги учрашув 2 соат 45 дақиқа давом этди.
Америка президенти саммитдан сўнг Украинадаги можарони ҳал қилиш масаласи энди Зеленскийнинг қўлида эканини айтди. Трамп ҳозирча Украина бўйича ҳеч қандай келишув йўқлигини таъкидлади.
Изоҳ (0)